Ўзбекистон | 08:18 / 05.01.2022
5255
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Туркманистон билан чегараолди эркин савдо ҳудудлари ташкил этилади

2022 йилда минтақавий ташкилотлар доирасида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини фаол илгари суриш режалаштирилмоқда.

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, минтақа давлатлари билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиялар фаолиятини янада фаоллаштириш ва кенгайтириш чораларини кўриш назарда тутилган.

Шунингдек, Қозоғистон ва Туркманистон билан чегараолди эркин савдо ҳудудларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳам мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳалари жадаллаштирилади. Минтақавий ўзаро боғлиқликнинг барча йўналишлари бўйича ҳамкорлик янада ривожлантирилади. 

Иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, давлат ва жамият фаровонлиги учун ҳисса қўшувчи муҳим давлатлараро ва минтақалараро лойиҳаларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш ва Ўзбекистон манфаатларини изчил илгари суриш ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон чегараолди назорат-ўтказиш пунктларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали уларнинг ўтказувчанлигини ошириш ишлари амалга оширилади. Реконструкция ишлари Давлат божхона қўмитаси талабларига ва халқаро стандартларга мос равишда амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид