Ўзбекистон | 19:15 / 05.01.2022
17896
2 дақиқада ўқилади

Умра сафарини тиклаш ва илк зиёратчиларни юбориш бўйича амалий ишлар бошланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакат мўмин-мусулмонларини норасмий шахслар алдовига учиб, Умра сафарига бора олмай қолаётган ҳолатлардан огоҳлантирди. Умра сафарига борувчиларнинг рўйхати эса, пандемиядан олдинги ҳолат бўйича қайта шакллантирилади.

Фото: AP

Ўзбекистонда Умра сафарини ташкил этиш чораларини кўриш, ҳудудларда COVID пандемиясидан аввал навбатда турган фуқароларнинг сафар имкониятларини ўрганиш, рўйхатларни қайта шакллантириш, авиақатновлар жадвалини ишлаб чиқиш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

2022 йил 5 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳамда Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ “Умра – 2022” мавсумини амалга ошириш бўйича шартномани имзолаган.

Шунингдек, умра зиёратини юқори даражада ташкил этиш учун кўп йиллик тажрибага эга бўлган “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчилар учун қулай шароитларни ҳозирлаш, икки Ҳарам масжидига яқин бўлган меҳмонхоналарни танлаш, замонавий транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади.

Қисқа фурсатларда умра сафарлари бошланиб, ҳудудлардаги навбатлар асосида белгиланган тўловларни амалга оширган, тегишли вакцинани олган ва Саудия Арабистонининг карантин талабларини бажарган фуқаролар тартиб билан муборак сафарга жўнатилади.

Шунингдек, идора, Тошкент халқаро аэропортида норасмий шахслар алдовига учиб, ноқонуний йўллар орқали сафарга отланган кишиларнинг сохта ҳужжатлари сабабли муборак сафар охирига етмай қолган ҳолатлари аниқланаётганини ҳам маълум қилган.

“Мўмин-мусулмонларни умра каби ибодат масалаларида жуда эҳтиёт бўлишлари ва бу борада ваколатли ташкилот бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали муборак сафарларни адо этишларига чақирамиз”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид