11:14 / 06.01.2022
3877

Ўзбекистонда ўтган йили 8,6 млрд доллар тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди

Ўзбекистонда ўтган йили 8,6 млрд доллар тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу ҳақда 5 январ куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Йиғилишда 2021 йилда инвестициялар соҳасида эришилган натижалар бўйича тезкор маълумотлар маълум қилинди. Жумладан, ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 254 трлн сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 109 фоизга ўсди, шундан тўғридан тўғри хорижий инвестициялар 8,6 млрд долларни ташкил қилди. 

Ҳисобот даврида давлат инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 5,9 миллиард долларлик 318 та йирик инвестициявий лойиҳа, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида эса 7,4 миллиард долларлик 15 710 инвестициявий лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши туфайли жами 275 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани айтилади.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Бўш турган ва тўлиқ қувват билан ишламаётган корхоналарни “соғломлаштириш” бўйича амалга оширилган ишлар натижалари кўриб чиқилди. Ўтган йил якунлари бўйича 2040 та шу каби корхона фаолияти ўрганилиб, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича чоралар кўрилди. 1908 та корхона (94 фоиз) тўлиқ қувват билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, бу мамлакат саноатига қўшимча равишда 4,1 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 184 млн долларлик қўшимча экспортга етказиб бериш ва 25 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш имконини берди. 

Инвестициявий фаолиятни рағбатлантириш ва лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича ҳисоботлар эшитилди. 

Алоҳида тартибда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича музокараларнинг бориши, транспорт инфратузилмасини кенгайтириш ва мамлакатда логистика салоҳиятини юксалтириш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Top