Жаҳон | 20:43 / 07.01.2022
16369
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ антитеррор тузилмаси Қозоғистонга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди

Минтақавий антитеррор тузилмаси Қозоғистон ҳукумати қисқа муддатларда вазиятни барқарорлаштиришига ишонишини таъкидлаган.

Фото: Reuters

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий антитеррор тузилмаси  (ШҲТ МАТТ) тегишли сўров тушган тақдирда Қозоғистонга ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда ШҲТ МАТТ ижроия қўмитаси баёнотида айтилмоқда.   

"Ижроия қўмитаси Қозоғистон Республикасининг ваколатли органларидан тегишли сўров тушган тақдирда ШҲТ МАТТ томонидан ўрнатилган тартибда зарур кўмак берилишига тайёрлигини маълум қилади", - дейилади баёнотда.

Тузилма Қозоғистондаги вазият юзасидан ўз хавотирини билдирган. Шу билан бирга, тузилма ижроия қўмитаси республика ҳукумати қисқа муддатларда вазиятни барқарорлаштиришига ишонишини таъкидлаган.

"Давлат, ҳуқуқ-тартибот ва махсус органлар томонидан амалга оширилаётган чоралар террорчи ва талончи гуруҳларнинг ноқонуний фаолиятларига қисқа муддатларда чек қўйишига ишонамиз", - дейилади баёнотда.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий антитеррор тузилмасига ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 2002 йил 7 июнда Санкт-Петербургда ўтказилган йиғилишида асос солинган.

ШҲТ 2001 йилда Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари томонидан ташкил этилган. Унга шунингдек, Эрон, Ҳиндистон ва Покистон давлатлари аъзо ҳисобланади. Афғонистон, Беларусь ва Монголия ШҲТда кузатувчи, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа, Миср, Непал, Туркия, Саудия Арабистони, Қатар ва Шри-Ланка ҳамкор давлат мақомига эга.

Мавзуга оид