18:15 / 08.01.2022
22396

«Рома» - «Ювентус», «Реал» азалий рақиби, «МЮ» Жеррардга қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

Қишки кичик танаффус якунланиб, ниҳоят Англиядан бошқа мамлакатларда ҳам футбол бошланди. «Бавария» ва «Реал» янги йилни мағлубият билан бошлади, Италияда яна иккита топ-учрашув бор, Англияда эса яна бир турнир – кубок баҳсларида АПЛ клублари ўз иштирокини бошлади. Албатта, зерикишга вақт йўқ. Фақат шуни эътироф этиш керакки, қуйидаги учрашувлар белгиланган вақтда бўлиб ўтишига кафолат йўқ, зеро коронавирус балоси футболга ҳам таъсир этишни яна бошлади. Баъзи учрашувлар бошқа вақтга қолдирилиш эҳтимоли йўқ эмас.

Бундеслига. 18-тур
8 январь (шанба)
АЙНТРАХТ – БОРУССИЯ Д
Ўйин бошланиш вақти:
22:30
ТВ-трансляция: МатчТВ

«Бавария»нинг кечаги мағлубияти Бундеслигада сал бўлса-да, интригани қайтариши мумкин, зеро дортмундликлар агар ғалаба қозонадиган бўлишса, пешқадам билан фарқни олти очкогача қисқартириб олишлари мумкин. Мавсум ўртасида бу у қадар катта масофа эмас.

Фото: Getty Images

«Боруссия» танаффусга Берлиндаги (2:3) мағлубият билан чиқиб кетганди, аммо ўша ўйинда, яъни уч ҳафта олдин жамоанинг бир қатор етакчилари майдонга туша олмагандилар. Ҳозирда Марко Ройс ҳам, Торган Азар ҳам тикланган, Ҳоланд ҳам яхши спорт формасига кириб олган бўлиши лозим. «Айнтрахт» эса декабрдаги сўнгги уч учрашувни ўз фойдасига ҳал қилган ҳолда, турнир жадвалида 6-ўринга кўтарилиб олганди. Ғалабалар «Байер» ва «Боруссия М» каби жамоалар устидан қўлга киритилгани ҳам франкфуртликларнинг жиддий рақиб эканини кўрсатади. Бу ўйиндаги ғалаба Оливер Гласнер шогирдларини ҳатто учинчи ўринга ҳам кўтариши мумкин.

Мавсум бошидаги ўйинда «Боруссия» ўз майдонида 5:2 ҳисобида ғалаба қозонган, аммо ўтган мавсумда «Айнтрахт» сафарда рақибини енгганини ҳам унутмаслик керак. Айнан Франкфуртдаги сўнгги 4 учрашув дуранг билан якунлангани ҳам ушбу тўқнашув анча шиддатли кечиши мумкинлигидан далолат қилади.

Таркибларга келадиган бўлсак, Дортмунд сафидаги муаммолар бироз чекинди, лекин шундай бўлса ҳам, майдонга туша олмайдиган номлар бор – Загаду, Рейна, Аканжи. Шмальцер машғулотларга қайтган бўлса, Мариус Вольфда коронавирус аниқланган. Мезбонлар таркибида йўқотишлар кўп эмас, айтиш мумкинки, асосий таркиб ва унга яқин футболчилар орасида жароҳатлар йўқ.

Ла Лига. 20-тур
9 январь (якшанба)
РЕАЛ – ВАЛЕНСИЯ
Ўйин бошланиш вақти:
01:00
ТВ-трансляция: FutbolTV / UzReportTV

«Реал» гўёки таъқибчилардан етарлича масофада илгарилаб кетган ва Ла Лигада чемпионлик курашидан умид қолмаганди. Мадрид жамоасининг ишончли ўйини ва таъқибчилардаги беқарорлик Испания чемпиони номини аниқлаб бўлгандек туюлганди. Аммо «Реал» кутилмаганда дастлаб, «Кадис» билан ўз майдонида дуранг ўйнади, янги йилни эса «Хетафе»га қарши дербида мағлубият билан бошлади. Натижада ҳозир Анчелотти шогирдлари бир ўйин кўп ўтказган ҳолда «Севилья»дан атиги 5 очко олдинда холос. Бошқача қилиб айтганда, агар «Реал» биргина мағлубиятга учрайдиган бўлса, йўқотилган очколар бўйича 2-ўринга тушиб кетиши мумкин.

Фото: Getty Images

«Валенсия» ҳам жуда яхши формага кириб, барча мусобақаларда мағлубиятсиз сериясини 9 ўйинга етказган ва Ла Лигада қаторасига тўрт ўйинда ғалаба қозонганди. Лекин кутилмаганда ўз майдонида «Эспаньол»да ўз услубида мағлубиятга учради. Услуб деганда, «Валенсия» жуда кўп ўйинларда ирода намойиш этаётганди – бу ўйинда эса ғалаба қозонаётган жамоа сўнгги дақиқаларда икки гол ўтказиб юборди. Ушбу мағлубият натижасида «Валенсия» топ-4 га яқинлашиш имкониятини бой берди ва 28 очко билан 9-ўринга тушиб кетди.

Ўзаро ўйинларга эътибор қаратилса, «Реал»нинг устунлиги яққол сезилади. Охирги икки ўйин мадридликлар ғалабаси билан тугаган, умуман айнан Мадридда ўтган ўйинларни алоҳида эътиборга оладиган бўлсак, валенсияликлар охирги марта 2008 йилда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган экан. 14 йилдан бери «Валенсия» Бернабеуда максимум бир очко олишнинг уддасидан чиқяпти холос. Энди «Валенсия» мухлисларига умид берувчи маълумот – жамоа 6 ўйиндан бери сафар учрашувларида мағлубият нималигини билмай келмоқда. «Валенсия» охирги марта сафарда октябр ойида «Бетис»га мағлубиятга учраганди.

Таркибларга келсак, «Реал» вирусли даврдан ўтиб олди ва деярли барча асосий таркиб футболчилари майдонга туша оладилар. Фақат Йович ҳамон даволанмоқда, лекин у доим ҳам майдонга тушмасди. Карвахал, Бэйл ва Диасларнинг жароҳатларига эса ўрганиб қолганмиз. Меҳмонлар таркибида йўқотишлар жиддийроқ – Солер ва Фулькье жароҳатда. Шунингдек, қанот яримҳимоячиси Уго Дуро «Эспаньол»га қарши ўйинда майдондан четлатилган ва дисквалификацияси бор.

А Серия. 21-тур
9 январь (якшанба)
РОМА – ЮВЕНТУС
Ўйин бошланиш вақти:
22:30
ТВ-трансляция: Спорт ТВ

Ўтган турда ҳар икки жамоа ҳам марказий ўйинларда майдонга тушди ва айтиш мумкинки, у қадар яхши таассурот қолдира олмади. Римликлар барча жабҳаларда «Милан»дан мағлуб бўлдилар ва ҳисоб янада йирикроқ кўринишга келиши ҳам мумкин эди. «Ювентус» эса ўз майдонида ҳаракат қилган бўлишига қарамасдан, «Наполи»ни мағлуб эта олмади ва кўпроқ ташаббус меҳмонларда бўлганини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.

«Наполи» билан дуранг «Ювентус»нинг кучли тўртликка қайтиш эҳтимолини кейинроққа сурди ва албатта руҳий зарба ҳам бўлиши мумкин. «Рома»нинг беқарор ўйинлари эса Жозе Моуриньодан ушбу мавсумда жиддий натижалар кутмаслик кераклигини кўрсатмоқда. Римликлар бир қараганда ҳужумкор ўйин намойиш қилаётган бўлишса-да, айниқса, топ-рақибларга қарши у қадар ишончли кўринишмаяпти. «Аталанта» устидан қозонилган йирик ғалаба ҳам кўпроқ тасодиф бўлгани «Сампдория» ва «Милан»га қарши ўйинларда ўз исботини топди.

Фото: Getty Images

«Рома»нинг яна бир ожиз жиҳати вазиятлардан фойдалана олмасликдир. Ёзда клуб икки нафар ҳужумчини сотиб олган бўлса-да, гол уриш бўйича А Серияда 9-ўринда боришмоқда. Хавфли вазиятлар яратиш бўйича эса римликлар 2-ўринни банд этишган. Яъни бу ҳолатда мураббийдан кўра, ҳужумчиларнинг хатолари ҳам кўпроқ, дейиш мумкин.

Таркибларга тўхталсак, «Рома»нинг Миландаги ўйинида бирданига икки футболчи қизил карточка олди. Карсдорп ва Манчини дисквалификация туфайли шерикларига ёрдам бера олишмайди. Майорал ва Фузатода ковид аниқланган, узоқ муддатга сафдан чиққан Спинацолла эса ҳали машғулотларга қайтгани йўқ ва собиқ жамоасига қарши майдонга туша олмайди. Туринликлар сафида ҳимоя марказида Кьеллини (ковид) ва Бонуччи (жароҳат) жуфтлигини кўрмаймиз. Аммо айтиш мумкинки, Де Лигт – Ругани жуфтлиги у қадар ёмон кўринмаяпти. Чап қанотдаги Данилонинг йўқлигини ҳам Куардадо билдирмаяпти.

А Серия. 21-тур
9 январь (якшанба)
ИНТЕР – ЛАЦИО
Ўйин бошланиш вақти:
00:45
ТВ-трансляция: Спорт ТВ

Ўтган йилнинг октябр ойида ушбу рақиблар Римда тўқнаш келгандилар ва ўшанда «Лацио» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўша мағлубият «Интер» учун А Серияда охиргиси бўлиб турибди ва жамоа кейинги 11 учрашувни мағлубиятсиз ўтказди, пешқадамларни қувиб ўтиб, чемпионатда яққол етакчига айланди. Янги йилда ҳам ушбу ижобий серияни давом эттириш ва «Милан»ни ўзига яқинлаштирмаслик учун табиийки, «Интер» ғалаба учун майдонга тушади. Симоне Индзаги мураббий сифатини ўзини оламга танитган «Лацио»га қарши қандай тайёргарлик кўриши ҳам қизиқ, албатта.

«Лацио» мавсум бошида пешқадамлар сафида борган ва ҳатто ҳужумкорлик кўрсаткичларида етакчилик қилган бўлса-да, Саррининг услуби тўлиқ мослашиб кетиши учун бироз вақт керак. Римликлар ҳозирда 8-ўринда бормоқдалар, лекин биргина ғалаба уларни 5-ўринга олиб чиқиш эҳтимоли ҳам бор. Шунингдек, «Рома»ни қувиб ўтиб имконияти ҳам мавжуд.

Ўзаро ўйинларга келсак, сўнгги йилларда мутлақо тенгликни кўриш мумкин. Охирги 24 учрашувда ҳар икки томон 10 мартадан ғалаба нашидасини суришган. Ўтган мавсумда айнан Миланда бўлиб ўтган тўқнашувда эса мезбонлар 3:1 ҳисобида устун келган. Ўша ўйинда дубл қайд этган Ромелу Лукаку эса аллақачон жамоани тарк этиб, ҳозирда «Челси» сафида тўп сурмоқда.

Катта эҳтимол билан бу ўйин голларга бой бўлиши керак. Зеро «Интер» лигада энг кўп гол урган жамоа саналса, «Лацио» бу кўрсаткич бўйича, учинчи ўринда бормоқда. Шунингдек, римликларнинг ҳимояда у қадар ишончли эмаслигини ҳам таъкидлаш керак. Турнир жадвали сўнгидаги 4 жамоагина мавсум давомида «Лацио»дан кўпроқ гол ўтказиб юборган холос.

«Интер»га устунлик берадиган яна бир жиҳат шундаки, миланликлар охирги марта 22 декабрда майдонга тушишган. «Болонья»га қарши ўтиши керак бўлган ўйин ковид туфайли қолдирилди. «Лацио» эса уч кунгина олдин «Эмполи»га қарши қийин (3:3) учрашувда иштирок этишди. Табиийки, жисмоний тарафдан мезбонлар яхшироқ ҳолатда бўлишади.

Англия кубоги. 3-раунд.
10 январь (душанба)
МЮ – АСТОН ВИЛЛА
Ўйин бошланиш вақти:
00:55
ТВ-трансляция: Матч ТВ

Бу ўйин АПЛ доирасидаги ўйинлар сирасига кирмайди, кубок ўйини бўлса-да, алоҳида эътиборга арзийди. Биринчидан, ушбу босқичдаги энг номдор жуфтлик айнан мана шу. Кўпгина топ-клублар рақиб сифатида қуйи лига вакилларига дуч келишди. Иккинчидан, «Манчестер Юнайтед»нинг охирги ўйиндаги мағлубияти, шундан кейин чиқаётган турли хабарлар, гўёки, футболчиларнинг Рангникка нисбатан норозилик кайфияти пайдо бўлгани каби миш-мишларга жавоб бериш учун айни муддао. Бундан ташқари, ушбу жамоаларнинг «Олд Траффорд»да бўлиб ўтган сўнгги ўйинида меҳмонлар сўнгги дақиқалардаги гол эвазига уч очко эгасига айлангандилар. Тўғри, ўша учрашувда шогирдларини майдонга олиб тушган мураббийлар истеъфога чиқишган – Смит «Норвич» бошқарувида, Сульшер эса Норвегияда. Шундай бўлса-да, футболчиларнинг айтадиган сўзлари бор. Бунинг устига «Астон Вилла» ҳам янги йилнинг илк учрашуви Брентфордда мағлубият аламини тотган.

Фото: Getty Images

Жеррард қўл остида «Астон Вилла» анча ўнгланди, бир қатор чиройли ғалабаларга эришди, лекин айнан топ-клубларга қарши ўйинларда очко қўлга кирита олмаяпти. «Ливерпуль», «Челси» ва «Сити»га қарши ўйинларда бирминҳэмликлар у қадар ёмон кўринишмаган бўлса-да, оқибатда мағлубиятга учрашди. Ҳозирча «Манчестер Юнайтед»ни турнир пешқадамлари сафига қўшиб бўлмайди, лекин «Олд Траффорд» айниқса, Стивен Жеррард учун ўзгача мотивация беради, бунга шубҳа йўқ.

Таркибларга келсак, меҳмонлар сафида Траоре ва Трезеге Африка Миллатлар кубогига кетишган, худди шундай статусдаги футболчи мезбонлар сафида Эрик Байи, Межбри ва Амад ҳам бор, лекин улар шундоқ ҳам асосий таркибдан узоқ эдилар. Шунингдек, «Астон Вилла»да Леон Бэйли жароҳатда, Эшли Янг машғулотларга қайтган бўлса-да, собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши сўроқ остида. «Барса»дан Бирмингҳэм клубига кўчиб ўтган Коутиньода коронавирус аниқланган, у ҳам янги шерикларига ёрдам бера олмайди. Мезбонлар сафида эса Байидан ташқари, Ҳарри Магуайр ҳам душанба кунига тайёр бўлмаслигини Ральф Рангник маълум қилди. Лекин Виктор Линделёф ковиддан даволаниб улгурди ва бу ўйинда майдонга туша олади.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

8 январь. Гранада – БАРСЕЛОНА (22:30), ЧЕЛСИ – Честерфильд (22:30).

9 январь. Венеция – МИЛАН (16:30), ЛИВЕРПУЛЬ – Шрусбери Таун (19:00), НАПОЛИ – Сампдория (20:30), Удинезе – АТАЛАНТА (20:30), Ноттингем – АРСЕНАЛ (22:10). Лион – ПСЖ (10 январга ўтар кечаси, 00:45) Вильяреал – АТЛЕТИКО (10 январга ўтар кечаси, 01:00).

Top