22:38 / 11.01.2022
26974

Ўзбекистон паспорти дунё рейтингида 86-ўринни олди

Henley Passport Index 2022 йилги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон паспортига эга шахслар олдиндан виза олмаган ҳолда 57та мамлакатга бориши мумкин. Таққослаш учун, 2016 йилда ўзбекистонликлар 52та давлатга визасиз кира олган.

Фото: Kun.uz

Виза ва фуқаролик олиш масалалари бўйича халқаро консултатив марказ – Henley & Partners дунё мамлакатлари паспортининг анъанавий йиллик рейтингини эълон қилди.

Рейтинг Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси берган маълумотлар асосида тузилган. Унда давлатларнинг фуқаролик паспорти ўз эгасига нечта мамлакатга аввалдан виза олмасдан (умуман виза олмасдан ёки етиб борганидан кейин виза олган ҳолда) кириб бориш имконини бериши инобатга олинган. (Виза бўйича вақтинчалик чекловлар ҳисобга олинмайди).

2022 йилги индексда Ўзбекистон паспорти Ҳиндистон ва Мали паспортлари билан бирга 86-ўринни қайд этган. Ушбу учта мамлакат фуқаролари 52та давлатга аввалдан виза олмай кириб боравериши мумкин.

Ўзбекистон паспортининг Henley Passport Index бўйича охирги йиллардаги позицияларида катта ўзгариш бўлмаган:

2016 йил: 52та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
2017 йил: 53та давлатга визасиз бориш имкони, 83-ўрин;
2018 йил: 59та давлатга визасиз бориш имкони, 82-ўрин;
2019 йил: 56та давлатга визасиз бориш имкони, 85-ўрин;
2020 йил: 57та давлатга визасиз бориш имкони, 83-ўрин;
2021 йил: 56та давлатга визасиз бориш имкони, 92-ўрин;
2022 йил: 57та давлатга визасиз бориш имкони, 86-ўрин.

Япония ва Сингапур паспортлари 5 йилдан буён рейтингда етакчиликни бермай келмоқда. Henley компаниясига кўра, бу икки давлат фуқаролари 192та давлатга визасиз бориш ҳуқуқига эга.

2022 йилда ҳам, одатдагидек, рейтингда юқори ўринларни асосан Европа Иттифоқи давлатларининг паспортлари банд қилган:

1-ўрин. Япония, Сингапур – 192та давлат;
2-ўрин. Германия, Жанубий Корея – 190та давлат;
3-ўрин. Финландия, Италия, Люксембург, Испания – 189та давлат;
4-ўрин. Австрия, Дания, Франция, Нидерландия, Швеция – 188та давлат.
5-ўрин. Ирландия, Португалия – 187та давлат.

Собиқ иттифоқ республикалари орасида Литва (182та давлатга визасиз бориш ҳуқуқини беради), Эстония ва Латвия (181та давлат) паспортларининг обрўси жуда юқори.

БАА паспорти билан 175та давлатга, Исроил паспорти билан эса 159та давлатга берухсат кириб боравериш мумкин.

Украина паспорти 141та давлат, Россия паспорти 119та давлат, Туркия паспорти эса 110та давлатга визасиз кириш ҳуқуқини беради.

Марказий Осиё республикаларининг паспортлари рейтинги қуйидагича:

68-ўрин. Қозоғистон – 75
80-ўрин. Қирғизистон – 63
84-ўрин. Тожикистон – 59
86-ўрин. Ўзбекистон – 57
91-ўрин. Туркманистон – 52

Рейтингни 26та давлатга визасиз кириш имконини бериши билан Афғонистон паспорти якунлаб беради. Ундан аввалги ўринларда Ироқ (28), Сурия (29), Покистон (31) ва Яман (33) фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар қайд этилган.

Top