Ўзбекистон | 19:27 / 12.01.2022
33926
8 дақиқада ўқилади

Бу – нотенглар ташкилоти. Таҳлилчилар билан ЕОИИга кириш оқибатлари ҳақида суҳбат

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов Kun.uz'га берган интервюсида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига яқинлашуви ва бунинг оқибатлари ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2020 йил 11 декабрда ЕОИИда кузатувчи-давлат мақомини олганди.

Ўзбекистон ичида турли хавотир ва баҳсларга сабаб бўлаётган Евросиё иқтисодий иттифоқи аслида қандай ташкилот?

Фарҳод Толипов: Евросиё иқтисодий иттифоқи номли ташкилот Собиқ совет маконидаги антиқа бир ташкилот бўлиб чиқди.

Мен ЕОИИ ҳақида гапиришдан аввал ундан амалда бўлган бошқа бир ташкилот – «ЕврАзЭс» ҳақида гапирмоқчиман. Чунки ўша ташкилотга ҳам ҳозир ЕОИИга кирган деярли барча давлатлар аъзо эди.

Ўзбекистон ҳам жумладан, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин «ЕврАзЭс»га аъзо бўлиб кирган. Аммо 2008 йилда ўзининг расмий қарори билан бу ташкилотдан чиқиб кетган.

Мен суҳбат бошидаги бу маълумотларни эслаб қолишни маслаҳат бераман. Чунки бизда ЕОИИга деярли ўхшаш ташкилотга аъзолик бўйича тажриба бор ва биз ундан чиқиб кетганмиз.

Бугунги ЕОИИ эса ўша «ЕврАзЭс»нинг «маҳсулоти», «боласи».

ЕОИИ — бир қараганда ўз номи билан иқтисодий бирлашма ва умумий иқтисодий манфаатларни кўзлаган давлатлар унга аъзо бўлади. Биламиз, бугун бу ташкилотга Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлар аъзо ҳисобланади.

Фарҳод Толипов

2015 йилда тузилган бу ташкилот бугун 7 ёшга тўлди. Мен ўтган вақтдаги ўз шахсий кузатувларимдан келиб чиқиб айта оламанки, ЕОИИ – иқтисодий мақсадлардан кўра кўпроқ геосиёсий мақсадларни кўзлаган ташкилот.

Унинг таркибида фақат ягона бир қудратли давлат мавжуд, бу – Россия Федерацияси. Қолган давлатлар эса бу ташкилотда кўринмас, паст, заиф ва тобе даражадаги аъзо сифатида иштирок этади.

Демак, барчасини жамлаб хулоса қилинса, ЕОИИ – нотенглар ташкилоти. Яъни у нодемократик ташкилот.

Бугун дунёда тузилаётган ҳар қандай ташкилот асосига қарасангиз, унда демократик тамойиллар устун бўлади. Унга аъзолар эса ўзини қисилган, заиф ва тобе ҳис қилмайди. Кичик давлатларда ҳам катталарни тийиб туриш тамойиллари ишлайди. Евросиё иқтисодий иттифоқида эса ҳамма манфаатлар фақат биргина давлат манфаатига хизмат қилади.

Камолиддин Раббимов: Фарҳод аканинг фикрларига тўла қўшиламан. Бугун Россия ҳокимияти тепасида турган Владимир Путин ўз олдига улкан геосиёсий мақсадларни қўйган. Бу – Путин 2007 йилда Мюнҳендаги чиқишида эълон қилган ғарб билан кураш мақсади.

Камолиддин Раббимов

Бугунги кунда бу борада расмий Кремлнинг икки йўналишдаги йирик лойиҳаси бор. Биринчи лойиҳа – постсовет давлатлари билан йирик иқтисодий интеграцияни таъминлаш (ЕОИИ) бўлса, иккинчиси – ҳарбий стратегик лойиҳа (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти).

Бугун Россия постсовет давлатларининг барчасини мана шу икки ташкилотга аъзо қилишни ва бу орқали уларни геосиёсий, геоиқтисодий ва геомафкуравий жиҳатдан тўлақонли назорат қилишни истайди.

Умуман, Россия глобаллашган дунёда ўз лойиҳасини тузишни истади. Глобаллашган дунёда эса барча давлатларнинг интеграцияга учраши табиий ҳолат.

Лекин ҳар қандай интеграциянинг туб илдизида маълум қадриятлар бўлиши ҳам керак. Лекин ЕОИИга аъзо давлатларнинг жамиятларига эътибор берсангиз, бу ташкилотдан норозилик йилдан-йилга кучайиб боряпти. Масалан, Қозоғистондаги сўнгги воқеаларда ҳам аҳоли Қозоғистоннинг ЕОИИдан чиқишини талаб қилиб чиқди.

Бир нарса аниқ, 2014 йилдан бошлаб Россиянинг ўзида ҳам номинал ялпи ички маҳсулотлар ҳажмининг камайиши рўй беряпти. Бунинг қатор сабаблари бор. Масалан, Россия 2014 йилга қадар газ ва нефт савдосидан жуда катта фойда кўрарди. Аммо кейинчалик санкцияларга учраган давлат сифатида асосий экспорт маҳсулотлари – углеводородларнинг нархи тушиши ҳисобига жуда катта зарар кўра бошлади.

Россиянинг Евросиё иқтисодий иттифоқидаги асосий мақсадлари иқтисодий эмас, сиёсийдир. Шу боис, бу ташкилотга аъзо давлатлар орасида яширинча ва ошкора сиёсий муҳитни сезиш қийин эмас.

Россия шундай давлатки, у билан иттифоқ доирасида рақобатга бориш ёки келишувларни қайтадан кўриб чиқиш жуда мушкул. Чунки Россия бу каби ишларни ўз вертикали ёки позицияларига хуруж ва таҳдид деб қабул қилади.

Эсингизда бўлса, ўтган йили Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ЕОИИга нисбатан айрим танқидий фикрларини билдирган эди. Икки ҳафта ўтар-ўтмас эса Путиннинг «Совет иттифоқига кичик ҳудуд билан кириб, катта ҳудуд билан чиқиб кетган давлатлар бор», мазмунидаги интервьюси чиқди. Бу Қозоғистонга ишора эди.

Яъни ЕОИИ доирасида бўлаётган дискриминацияни танқид қилган давлатга  Россия томонидан сиёсий таҳдид билан жавоб берилади. Демакки, ЕОИИнинг мақсади геосиёсий ва сиёсийдир.

Ўзбекистон ЕОИИга аъзолик билан иқтисодда нималар ютади ёки ютқазади?

Камолиддин Раббимов: Менимча, Ўзбекистоннинг бу ташкилотга яқинлашувининг бир қанча ўлчамлари бор. Иқтисодий ўлчамлар доирасида Ўзбекистонга, албатта, маълум дивидендлар – ижобий жиҳатлар ҳам бўлади. Лекин бунинг ортидан йирик ва узоқ муддатли салбий оқибатлар ҳам бўлади.

Ҳозир Ўзбекистоннинг ичкарисида туриб миллий бойлик яратиш жараёни йўлга қўйилган. Агар Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, мана шу жараён секинлашади ёки жиддий зарба ейди.

Бу бир томондан Ўзбекистондаги монополияларни заифлаштиради. Уларнинг заифлашишидан жамият ҳам манфаатдор. Лекин бу монополияларни заифлаштиришни узоқ муддатли иқтисодий зарбалар билан ўлчаб бўлмайди. Монополиялар — бу Ўзбекистоннинг ички автономиясида ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммодир.

Шунингдек, Евросиё иқтисодий иттифоқига эҳтимолий аъзолиги орқали Ўзбекистоннинг ташқи дунё ва йирик иқтисодий ташкилотлар билан алоқаси чекланади.

Фарҳод Толипов: Мен ўзбекистонлик иқтисодчиларнинг ЕОИИга аъзолик бўйича аргументларини эшитиб ҳайрон қоляпман. Улар аксар ҳолларда Россия билан экспорт, импортдаги рақамларни, савдо алоқаларини келтиришга ҳаракат қилади. Яъни фақат икки томонлама алоқаларни кўрсатишади. Лекин эътибор беринг, 30 йил давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасида жуда кўп соҳаларда катта пакетли ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Бу борада Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги Хитойдан кейинги энг йирик ҳамкори ҳам. Савол туғилади, бундан ортиқ яна нима керак?

Лекин Евросиё иқтисодий иттифоқида фақат Россия бор эмас-ку. Нега қолганлар ҳақида гапиришмайди? Арманистон, Беларус билан алоқалар-чи?

Демакки, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги билан боғлиқ аргументлар унчалик ишончли эмас. Бунда ташкилотнинг иқтисодий эмас, сиёсий эканлиги борасидаги шубҳалар яна ортади.

Бу борада ЕОИИга аъзо бошқа давлатлар ташкилотга аъзолик билан ютдими ютқаздими, деган савол ҳам туғилади. Мен бу борада қозоқ, қирғиз экспертлари билан жуда кўп гаплашаман. Уларнинг фикри, таҳлил ва мақолалари ЕОИИга аъзо давлатларнинг пушаймонлигини кўрсатади.

Мен яқинда ҳам қозоқ экспертларининг фикрларини ўқидим. Улар айтяпти: «Қозоғистон ЕОИИга аъзолик билан иқтисод, савдо, экспорт, импорт, божхонада фақат ютқазди».

Буни биз эмас, шу ташкилотга аъзо давлатларнинг экспертлари айтмоқда. Яқинда ўтган намойишларда ҳам шу фикрлар янградики, Қозоғистон ЕОИИдан чиқиб кетиши керак.

Саволга жавобим сўнгида яна бир ҳолатни эслаб ўтмоқчиман. Яқинда россиялик журналистлар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловдан Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги ҳақида сўрашди. Комилов уларга қараб айтдики, «биз қўшниларимизнинг тажрибасини яхшилаб ўрганамиз».

Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати мана шу позицияда туриши керак. Чунки кўряпмизки, Қозоғистон ва Қирғизистонда ЕОИИдан норозилик кўп. Биз буни ҳисобга олишимиз керак.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид