Кунига 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўмдан тўлаш тўхтатилади
Аҳолини пиёда юришга рағбатлантиришнинг янги механизмига ўтилиши маълум қилинди. Эндиликда бир кунда камида 10 минг қадам юрган фуқаролар лотерея иштирокчисига айланади, ҳар ҳафта охирида жонли эфирда ўтказиладиган лотереяда ютган бир кишига 100 млн сўм ва минг кишига велосипед берилади.

Фото: KUN.UZ
16 январдан бошлаб, www.1hls.uz платформаси орқали бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга 3 минг сўм пул маблағи бериш тизими тўхтатилади.
Бу ҳақда маълум қилган Туризм ва спорт вазирлиги мазкур янгиликни пиёда юришга рағбатлантиришнинг янги механизмига ўтилаётгани билан изоҳлади.
Бироқ, кунига камида 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўм тўланиши ҳақидаги қоида президентнинг 2020 йилдаги фармонида белгиланган. Вазирлик фармон ижросини тўхтатишига асос бўлувчи президент ҳужжати қабул қилингани ҳақида эса бирор маълумот йўқ.
Туризм ва спорт вазирлигига кўра, бугунги кунгача www.1hls.uz платформасида рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар сони 1 миллион нафардан ошган.
“Аммо бу етарли ва кутилган натижа эмас. Дастлаб платформа ишга туширилганда қизиқувчилар ва рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони кўпайди, аммо вақт ўтгани сари фаоллик кескин пасайди ҳамда бугунги кунга келиб доимий равишда суткасига ўн минг қадам ва ундан кўпроқ юрувчи фуқаролар сони 3 баробарга камайди”, дея изоҳламоқда тизим бошқарувчиси.
Таъкидланишича, мутахассислар ва жамоатчилик таклифларига асосан, аҳолини янада кўпроқ кунлик юриш ва югуришга жалб қилиш мақсадида рағбатлантириш тизимини ўзгартириш, 3 минг сўм ўрнига каттароқ совринлар қўйиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинган.
Шунга мувофиқ, “Соғлом турмуш тарзи” платформасида қуйидагича тартибга ўтилади:
1) Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги аҳоли ўртасида, ҳар ҳафта якунлари бўйича, қуйидаги совринлар ўйналади:
- 1 кишига 100 миллион сўм миқдорида пул мукофоти;
- 1 000 кишига велосипед.
2) Ушбу совринлар ўйини ҳар ҳафта якунлари бўйича “Спорт” телеканалида жонли эфирда тасодифий танлаб олиш механизми орқали ўтказилади.
3) Шаффофлик ва холисликни таъминлаш, турли қинғир йўллар орқали сохта натижаларни қайд этишга йўл қўймаслик мақсадида жамоатчилик фаоллари, IT-мутахассислари, журналист ва блогерлардан иборат Жамоатчилик назорати кенгаши ташкил этилади ҳамда барча жараёнлар устидан қатъий назорат олиб борилади.
Бунда Жамоатчилик назорати кенгашига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев раислик қилади, ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ҳамда блогер Никита Макаренко раис ўринбосарлари этиб белгиланди.
4) 15 январга қадар ушбу платформа орқали тегишли талабларни бажарган ва электрон ҳамёнига белгиланган маблағларни тўплаган барча фуқароларга ушбу тўловлар амалга ошириб берилади.
“Юқоридаги рағбатлантириш тизими ҳақидаги батафсил маълумотлар тез орада Туризм ва спорт вазирлигининг расмий саҳифаларида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади”, дейилади расмий релизда.
Тавсия этамиз
Исроил–Эрон урушининг Марказий Осиё учун геосиёсий мезонлари қандай?
Жаҳон | 22:13 / 18.06.2025
Клублар ўртасидаги ЖЧда кўпчиликка нотаниш бўлган 11 истеъдод. Кимлар турнир кашфиёти бўлиши мумкин?
Спорт | 20:34 / 18.06.2025
Яна юзлаб одам алданган: Alfa va Baraka avtolizing судидан репортаж
Жамият | 11:25 / 18.06.2025
Исроил эронликлар тузумга қарши исён кўтаришига умид қилмоқда. Бунинг эҳтимоли борми?
Жаҳон | 20:00 / 17.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
2024 йилда Ўзбекистондан Россияга борган мигрантлар сони маълум бўлди
Ўзбекистон | 01:53
-
Зеленский Украина қуруқлик қўшинларига янги қўмондон тайинлади
Жаҳон | 01:06
-
Apple қўш экранли iPhone чиқаради: у ҳақда нималар маълум
Фан-техника | 00:33
-
Оқ уй: Трамп Эронга ҳужум масаласида икки ҳафтада бир қарорга келади
Жаҳон | 23:35 / 19.06.2025
Мавзуга оид

21:14 / 08.01.2025
Кунига 10 минг қадам юрганларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда

20:22 / 21.10.2024
Енгил касалликларни дори билан даволашга ўрганиб қолишнинг олди олинади

17:50 / 04.01.2024
Газланган шакарли ичимликларга солиқ: бу натижа берадими?

14:35 / 26.05.2022