Жамият | 19:55 / 17.01.2022
64595
3 дақиқада ўқилади

Журналист «ёш қизча»ми? «Қудбиевча» матбуот анжуманидан кейинги мулоҳаза

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев матбуот анжуманида сўз ўйини қилиб, савол беришга чоғланган журналистга «халқ номидан гапириш ҳуқуқи йўқлиги»ни айтди. Унинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда тарқалиши ҳамоноқ норозиликларга сабаб бўлди.

Фото: Kun.uz

Шерзод Қудбиевнинг ушбу хатти-ҳаракатини журналист овозини ўчиришнинг «Қудбиевча» усули деб атаса бўлади. Сўз ўйини қилиб, «халқ номидан гапиряпсиз» деб журналистнинг оғзига уришни бундан бошқача атаб ҳам бўлмайди.

Келинг, диалогни сўзма-сўз кўриб ўтамиз:

Журналист: «Сиз ҳам, мен ҳам халқ учун ҳаракат қиламиз. Ҳозир сиз «одамлар ўзи учун ҳаракат қилсин» дедингиз. Одамларнинг ўзи ҳозир менга телефон қиляпти, телеграмдан ёзяпти. Айтяптики, «нима учун сизнинг саволингизга жавоб бермади, «Artel» корхоналар тизимининг шохи борми?», ёки бўлмаса, «Кимнинг елкасига тушишини нега айтмаяпти, солиқдан озод бўлганларнинг умумий балансидаги ер, бу мол-мулк сирми шунчалик» деб ёзяпти. Бу менинг эмас, халқнинг фикри. Ўзлари ҳам айтяпти, яъни сиздан батафсил, тўлиқ жавоб кутяпти».

Шерзод Қудбиев: «Хўп бўлади. Юлдузхон, ҳозир мана молия вазири ўринбосари сўз сўраяптилар бу саволга жавоб беришга. Лекин фикримча, мен сизнинг саволингизга «Ҳеч кимнинг елкасига тушмайди», деб жавоб бердим. Бу жавобдан қониқиш-қониқмаслик сизнинг ишингиз, албатта.

Иккинчидан, Юлдузхон, сиз ҳали ёш қизчасиз, халқ номидан гапиришга 2 хил тоифа ҳақли. Сиз халқ номидан гапиролмайсиз. Келгусида эҳтиёт бўлинг. Халқ номидан фақат президент гапиради – чунки сайланган. Ва депутат гапиради. Бошқа одам халқ номидан гапиришга ҳуқуқий ҳам, бошқа томондан ҳам ҳуқуқи йўқ».

Конституциянинг 10-моддасида Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкинлиги белгиланган. Бу ерда халқ номидан иш олиб бориш ва халқ номидан гапириш бошқа-бошқа тушунчалар эканига эътибор бериш лозим. Санаб ўтилган Президент ва Олий Мажлис депутати расмий лавозимлар бўлиб, улар ўз лавозимига сайлов орқали эришади. Лекин журналист халқ номидан иш олиб боролмаса-да, матбуот анжуманларида кўпчиликдан тушаётган саволларни йиғиб, ҳукумат вакиллари ва бошқа расмий шахсларга беришга ҳақли. Буни халқ номидан гапириш, деса хато бўлмайди.

Шерзод Қудбиев асосий савол қолиб, сўз ўйини орқали бошқа нарсани «ушлаб олиб», журналистга сўз орқали «ҳужум қилиш», уни омма олдида билимсиз қилиб кўрсатиш орқали бошқа журналистларнинг ҳам овозини ўчиришни мақсад қилган бўлса не ажаб?

Журналистни «ёш қизча» деб аташ ва гапини ўйлаб гапириш кераклиги ҳақидаги мулоҳазалар эса давлат идораси раҳбарининг ахлоқига тўғри келмайдиган ҳаракат ҳисобланади.

Аббос Салайдинов 

Мавзуга оид