Жамият | 18:37 / 18.01.2022
19482
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ис газидан вафот этган 3 кишидан 2 нафари ҳарбий хизматчи экани маълум бўлди

Фарғонада уч киши — икки ҳарбий хизматчи ва бир ўсмир — ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Ҳодиса сабаблари шаҳар ҳокими ўринбосари бошчилигидаги комиссия томонидан ўрганилмоқда. Ҳарбий прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказмоқда.

Фото: Kun.uz

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Фарғона шаҳридаги уйларнинг бирида 14 январь куни уч киши ис газидан заҳарланиб, вафот этгани ҳолати бўйича қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, 14 январь куни соат 13:00 ларда шаҳарнинг «Истиқлол» маҳалласида яшовчи икки киши ҳамда шу хонадонга меҳмонга келган бир нафар фуқаро Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб борилган. Тез тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан, улар шифохонада вафот этган.

Вафот этганларнинг икки нафари ҳарбий хизматчи экани аниқланган.

Газета.uz’нинг аниқлик киритишича, улардан бири 42 ёшли ҳарбий хизматчи эркак, иккинчиси 40 ёшдаги ҳарбий хизматчи аёл бўлган. Учинчи қурбон 17 ёшли мактаб ўқувчиси.

Ҳодиса хонадондаги қўлбола усулида ясалган иситиш печидан ис гази сизиб чиқиши оқибатида юзага келган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Фарғона ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан аввалроқ Фарғона шаҳридаги уйларнинг бирида 14 январь куни уч киши ис газидан заҳарланиб,вафот этгани, улардан бири хонадон меҳмони бўлгани ҳақида хабар берилганди. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид