Ўзбекистон | 16:14 / 20.01.2022
9602
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашди. 

«Президентлар икки давлат ҳукуматлари раҳбарияти даражасидаги музокаралар жараёнини фаоллаштиришга келишиб олдилар», дейилади Қозоғистон президенти сайти хабарида. 

Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-транзит, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қилган, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. 

Ўзбекистон президенти сайти ҳам ушбу мулоқот тўғрисида маълумот берди.

«Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, товар айирбошлаш ортаётгани ва кооперация алоқалари кучайиб бораётгани, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 5-6 декабрь кунлари Қозоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан савдо ва логистика, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат тармоқларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида Саноат кооперацияси халқаро маркази ва улгуржи-тақсимлаш марказларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президенти томонидан мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди. Президентлар жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувига доир масалаларни муҳокама қилдилар.

Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек очиқ, амалий ва дўстона руҳда ўтди», дейилади хабарда.

Маълумот учун, 10 январь куни ҳам Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтганди. Президент Тўқаев Қозоғистон Республикасидаги жорий ҳолат ҳамда мамлакатда вазиятни барқарорлаштириш бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берганди.

Мавзуга оид