Ўзбекистон | 08:37 / 21.01.2022
4926
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда 7 миллионга яқин истеъмолчининг ҳуқуқи бузилган. Етказилган зарар миқдори — 150 млрд сўмдан зиёд 

2021 йилда 7 миллионга яқин истеъмолчининг ҳуқуқи бузилган. Уларга етказилган моддий зарар миқдори — 150 миллиард сўмдан зиёд. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Аъзам Қурбонов маълум қилди.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, 2021 йилда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши юзасидан агентликка 26 249 та шикоят келиб тушган. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ўтказилган ўрганишларда 7 млн нафарга яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳамда уларга 150 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказилганлиги аниқланди.

Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 81 фоизи қаноатлантирилган ва ҳуқуқий ёрдам бериш орқали ҳал этилган.

Аҳолининг коммунал соҳага оид муаммолари бўйича август-декабрь ойларида жойларда қабул қилинган 3 960 нафар истеъмолчининг 59,7 фоиз муаммоси жойида ҳал қилинган, 38 фоизи бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар, агентлик иш режаси ва бошқа идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ўтказилган 826 та ўрганиш ва таҳлилларда истеъмолчилардан жами 127 млрд сўм миқдорида ортиқча ҳақ олингани аниқланди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан 337 та субъектга иш қўзғатилиб, қонунбузилиши ҳолатларини тугатиш юзасидан кўрсатма берилган. 44 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилган ва 32 нафар шахсга нисбатан жами 12,4 млн сўм миқдорида маъмурий жарима белгиланган.

Мавзуга оид