Жаҳон | 22:17 / 21.01.2022
53525
9 дақиқада ўқилади

«Путин ҳеч қачон кўрмаган» санкциялар. Байден Украинага босқин таҳдиди ҳақида нималар деди?

АҚШ президенти Жо Байден Россияни Украинага бостириб кириш бўйича яна бир бор огоҳлантириб, Россия иқтисодиёти учун ҳалокатли оқибатлар билан таҳдид қилди. Кейинроқ Байден бостириб кириш деганда нимани назарда тутгани бўйича ойдинлик киритди ва россиялик ҳарбийларнинг украин чегарасидан ҳар қандай ҳолатда кесиб ўтиши қатъий санкцияларга олиб келишини айтди. Агарда Украинага бостириб кирилса, Байден Россия президенти Владимир Путин «ҳали ҳеч қачон кўрмаган санкциялар»ни жорий этишга ваъда берган.

АҚШ президентлигига келганининг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманининг асосий қисмини Жо Байден россияликларнинг Украинага босқини таҳдидига бағишлади - Вашингтондагилар бу ҳақда ўтган йил кузидан буён огоҳлантириб келмоқда.

Аввалига унинг сўзлари Россия президенти Владимир Путин бостириб киришга буйруқ берса, Ғарб давлатлари қандай ҳаракат қилиши борасидаги ноаниқликни фақат кучайтирди, шунинг учун Оқ уй Байден айнан нимани назарда тутганини тушунтиришига тўғри келди.

«Менимча, у ҳаракат қилишни бошлаган», деган у Путинни назарда тутган ҳолда. «У нимадир қилиши керак», дея қўшимча қилган АҚШ президенти.

«Россия босқинчилик қилса, жавобгарликка тортилади - бу у қиладиган ишга боғлиқ. Чекланган кириш бошқа иш, у ҳолда биз нима қилиш ва нима қилмасликни ҳал қилиб олишимизга тўғри келади.

Аммо агар улар қила оладиган ишини қилишса... Россия учун Украинага бостириб кириш ҳалокатли бўлади», деган Байден.

Байден АҚШ ва иттифоқчилари Россия ва унинг иқтисодиётига улкан зарар келтирувчи қатъий чоралар кўришга тайёрлигини таъкидлаган.

«Украинага бостириб кириш Россия учун ҳалокатли бўлади. Бу уруш ва тинчлик нуқтайи назаридан Иккинчи жаҳон уруши давридан буён энг оғир оқибатларга олиб келади. Агар ҳаракат қилишга киришса, биз жорий этадиган санкцияларни Путин ҳеч қачон кўрмаган.

Иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз Россия ва унинг иқтисодиётига жиддий зарба беришга тайёр. Агар Россия киберхавфсизлик соҳасидаги ҳаракатларини давом эттирса, биз ҳам шундай жавоб қайтарамиз. Агар улар бостириб кирса, улар бунга тўлов қилишади — уларнинг банклари доллар билан операциялар амалга ошира олмай қолишади. Бу АҚШнинг ўзига ва Европа давлатлари иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатса-да, Москва кўпроқ зарар кўради. Россия Украинага нисбатан ҳарбий устунликка эга, аммо улар катта тўлов қилишади — «яқин, ўрта ва қисқа муддатли истиқболда» ҳам йўқотишлар бўлади»

Қарийб икки соат давом этган матбуот анжуманидан кейин Оқ уй россиялик ҳарбийларнинг Украинага ташланган ҳар қандай қадами оғир қабул қилинишини билдирди.

«Агар россиялик ҳарбийлар Украина чегарасидан ўтадиган бўлса, бу босқиннинг янгиланиши бўлади ва бундай ҳаракат Қўшма Штатлар ва иттифоқчиларимиз томонидан тез, қатъий ва коллектив жавоб билан қарши олинади», деди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

Унинг баёнотига кўра, киберҳужумларга ҳам, «ҳарбийлашган тактика»га ҳам қатъий жавоб қайтарилади.

Кейинроқ, пайшанба куни Жо Байденнинг ўзи ҳам сўзларига аниқлик киритди: «Россия ҳарбий қисмлари Украина билан чегарадан ҳар қандай ўтиши бостириб кириш деб ҳисобланади», деди АҚШ президенти.

У босқин рўй бергудек бўлса, Россия президенти Владимир Путин Қўшма Штатлар ва иттифоқчиларнинг «қатъий ва келишилган» иқтисодий жавобига дучор бўлишини қўшимча қилган.

Республикачилар Байденнинг матбуот анжуманидаги сўзларидан хавотир билдиришган. «Россиялик ҳарбийларнинг Украинага ҳар қандай киришини йирик босқин деб қараш керак, чунки бу Украинани беқарорлаштиради», деган сенатор Роб Портман.

Украина чегарасидаги вазият

Вашингтон Россия Украина чегаралари бўйлаб 100 мингга яқин ҳарбий жойлаштирганини айтиб келади ва буни ҳужумга тайёргарлик сифатида баҳолайди.

Москва бир неча бор бостириб режаси ҳақидаги хабарларни рад этган. Шу кунларда ташқи ишлар вазири ўринбосари, ўтган ҳафтада АҚШ делегацияси билан Женевада ўтган музокараларда иштирок этган Сергей Рябков ҳам шу ҳақда гапирди.

«Биз ҳеч қандай агрессив ҳаракатлар қилмоқчи эмасмиз. Биз Украинага ҳужум қилмоқчи ёки бостириб кирмоқчи эмасмиз», деди Рябков чоршанба куни «Валдай» клубида.

Украина президенти Владимир Зеленский пайшанба куни твиттердаги саҳифасида йирик давлатларга «кичик босқинлар ва кичик миллатлар бўлмаслиги»ни эслатди.

«Қурбонларларнинг кичиги ва яқинларни йўқотишдаги қайғунинг ози бўлмайди. Мен буни буюк давлат президенти сифатида айтмоқдаман», деган Зеленский.

Россия НАТО шарққа қараб кенгаймаслигига кафолат талаб қилади ва Ғарб Украинадан плацдарм сифатида фойдаланиб, ўз хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтади. Ўтган ҳафтада шу масалада Женева, Брюссел ва Вена шаҳарларида россияликларнинг АҚШ, НАТО ва ЕХҲТ вакииллари билан музокараларининг уч раунди ўтказилди.

Матбуот анжумани вақтида Байден Путин билан янги саммит ўтказиш имкони ҳали сақланиб турганини айтди. Унинг сўзларига кўра, у Украинадаги можаро янада оғирроқ оқибатларга эга бўлиши ва «вазият назоратдан чиқиб кетиши»дан хавотирда.

Байденнинг сўзларига кўра, Россия ҳам кенг кўламли уруш истамайди ва Путин ундан икки масалада кафолат талаб қилган: Украина ҳеч қачон НАТОга кирмаслиги ҳамда Украина ҳудудига стратегик ва ядровий қуроллар ҳеч қачон жойлаштирилмаслиги бўйича. «Биз иккинчи пункт бўйича нимадир ўйлаб кўришимиз мумкин», деган у журналистларга.

Биринчи пункт бўйича эса Байден Украинада яқин орада альянсга қўшилиш имконияти жуда паст эканини айтган.

Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, Путин ғарблик сиёсатчиларни текшириб кўрмоқда. Шу билан бирга, Байден НАТО бўйича иттифоқчилар Украинага қарши агрессия рўй бергудек бўлса, қандай йўл тутиш борасида якдил эмаслигини тан олган: «НАТО ичида нималар бўлаётганидан келиб чиқиб ҳаракатланиш бўйича келишмовчилик мавжуд».

ОАВ Вашингтон россияликларнинг Украинага эҳтимолий ҳужумига жавобан тайёрлаётган санкциялар тўпламлари ҳақида кўп бор ёзган. Байден матбуот анжуманида Россия компаниялари долларда операциялар амалга ошира олмай қолиши ҳақида гапирган.

«Умид қиламанки, Владимир Путин, кенг кўламли ядро урушини ҳисобга олмаганда, дунёда устунлик қилиш учун жуда яхши вазиятда эмаслигини тушунади», деган АҚШ президенти.

Украинадаги зиддиятга НАТОнинг минтақадаги бошқа вакиллари ҳам тортилиши эҳтимоли уни қанчалар ташвишлантириши борасидаги саволга жавобан Байден шундай деган: «Режасиз урушдан кўра ёмонроқ бўлган нарса - режалаштирилган урушдир».

Бу вақтда, Reuters агентлигининг вазиятдан хабардон манбаси хабар бершича, АҚШ Давлат департаменти Литва, Латвия ва Эстонияга ракеталар ва Америкада ишлаб чиқарилган бошқа қуролларни Украинага юборишга рухсат берган.

Агентлик суҳбатдошларидан бири, учинчи давлатга етказиб бериш бўйича санкциядан кейин Эстония Киевга Javelin русумли танкка қарши мажмуаларини (бундай қуроллар Украина армиясида ҳам бор), Литва эса Stinger зенит-ракета мажмуаларини юбориши мумкин бўлади.

Нашр маълумотларига кўра, президент администрацияси, Конгрессни Украинага Россияда ишлаб чиқарилган ва даставвал Афғонистондаги ҳарбийлар учун мўлжалланган бешта «Ми-17» вертолётларини етказиб бермоқчилиги ҳақида ҳам огоҳлантирган.

Кремль расмийси Дмитрий Песков қурол етказиб бериш ва ҳарбий манёврлар туфайли Украина атрофидаги кескинлик кучайиб бораётгани ҳақида гапирган. «Биз у ерга қуроллар етказиб берилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, биз турли манёврларни кўряпмиз, биз НАТО авиацияси ва Ғарбий Европа мамлакатлари самолётлари парвозларини кузатмоқдамиз. Буларнинг барчаси Украина атрофидаги вазиятни кесинлаштирмоқда», деган Песков.

У Байденнинг АҚШ ва Россия ўртасида олий даражадаги навбатдаги саммит ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги сўзларини изоҳлаган.

«Биз икки президентнинг навбатдаги мулоқоти ўтказилишини истисно этмаймиз. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай мулоқотни фақат мақуллаймиз.

Аммо гап шундаки, муаммоларни муҳокама қилишга тайёрлигимиз биз учун принципиал масалаларга тааллуқли эмас. Украинанинг яқин истиқболда НАТОга қабул қилинмаслиги келажакда бундай бўлмаслигини кафолатламайди», деган Песков.

Мавзуга оид