Ўзбекистон | 07:41 / 22.01.2022
4026
2 дақиқада ўқилади

Кўп йиллик дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламенти билан тўлдирилади.

Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш кўп йиллик дов-дарахтларнинг турлари, сони ва улар эгаллаган майдон тўғрисидаги маълумотларни кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритиш орқали амалга оширилади.

Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш ушбу кўп йиллик дов-дарахтлар жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.

Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши учун қуйидагилар асос бўлади:

  • халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг қарори ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг ер участкаларини уларда жойлашган кўп йиллик дов-дарахтлар билан бирга жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарори;
  • кўп йиллик дов-дарахтларни олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, кўп йиллик дов-дарахтларни рента тўлаш шарти билан бошқа шахсга ўтиши назарда тутилган, нотариал тасдиқланган шартномалар;
  • кўп йиллик дов-дарахтларни йўқ қилиш тўғрисида мулкдорнинг қарори;
  • кўп йиллик дов-дарахтларнинг табиий офатлар натижасида барҳам топганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд ундирувчи ва қарздор ўртасида кўп йиллик дов-дарахтларни бериш тўғрисида давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган далолатнома.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид