Ўзбекистон | 07:45 / 24.01.2022
63263
4 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларига ишга қабул қилиш тартиби эълон қилинди

“Миллий гвардия ходимлари таркибига хизматга ҳамда Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларига ишга қабул қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, номзодларни ишга ёки хизматга қабул қилиш учун танлов тадбирлари ташкил қилинади. Танлов тадбирлари қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: а) номзодни дастлабки ўрганиш (ҳужжатларни йиғиш ва ўрганиш); б) якка тартибда суҳбат; в) жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш; г) психологик ўрганиш (номзоднинг интеллектуал ривожланганлик даражаси ва психоэмоционал барқарорлигини баҳолаш).

Миллий гвардия учун зарур ҳолларда илмий даража ёки илмий унвонга эга бўлган фан арбоблари, шунингдек маданият вакиллари, сўнгги беш йил давомида республика миқёсидаги спорт мусобақасининг (чемпионатининг) ғолиби бўлган ёки халқаро миқёсдаги спорт мусобақасининг 1–3-ўринларидан бирини эгаллаган спортчилар истисно тариқасида танловсиз хизматга қабул қилинади.
 
Танловда Ўзбекистоннинг умумий ўрта ёки ўрта махсус (бошланғич, ўрта, ўрта махсус профессионал) ёхуд олий маълумотга эга бўлган қуйидаги фуқаролари иштирок этишлари мумкин:

  • ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларига ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган, шу жумладан йигирма беш ёшда бўлган шахслар;
  • ходимлар таркибига ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз ёшда бўлган шахслар.

Бунда, эркак номзод Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёки сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизматни ўтаган ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлиши, шунингдек, ҳарбий рўйхатда турган бўлиши керак.

Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон президенти фармони, қарори ёки фармойиши, шунингдек, розилигига ёхуд Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар, Миллий гвардиянинг катта амалий иш тажрибасига эга пенсионерлари, белгиланган талаблар инобатга олинмаган ҳолда хизматга қабул қилиниши мумкин.

Шунингдек, ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари бошлиқлари таркибига Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда самарали хизмат қилиб, нафақага бўшаган номзодлар суҳбат асосида, жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги ҳолатига кўра ишга қабул қилиниши мумкин.

Хизматга қабул қилишда номзод бўйининг баландлиги қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб бериши талаб этилади: эркаклар учун - 178 сантиметрдан паст бўлмаслиги; аёллар учун - 170 сантиметрдан паст бўлмаслиги керак.

Қуйидаги ҳолларда танлов ва ўрганишнинг исталган босқичида номзодни хизматга қабул қилиш рад этилиши мумкин:

  • номзод белгиланган талабларга жавоб бермаса;
  • яшаш жойи ёки иш (хизмат) жойидан салбий тавсифнома берилганда;
  • ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида номзод ўзи ва яқин қариндошлари тўғрисида қасддан ёлғон маълумотларни тақдим этганда;
  • номзодга нисбатан жиноят иши қўзғатилганда, дастлабки тергов ёки суриштирув олиб борилаётганда, суд томонидан унга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилаётганда (бундай ҳолларда номзодни кўриб чиқиш ишлари реабилитация қилиш асосларига кўра якуний қарор қабул қилингандан сўнг амалга оширилади);
  • содир этган жинояти учун муқаддам судланганда (қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган ва амнистия акти қўлланилгандан қатъи назар);
  • номзод муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаб, хизматга нолойиқлиги туфайли хизматдан бўшатилган ҳамда бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра ишдан бўшатилган бўлса;
  • алкоголь ичимликлар, психотроп ёки гиёҳванд моддаларга мойиллиги бўлса, наркологик ёки руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ҳисобида рўйхатда турган бўлса;
  • белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда;
  • танлов жараёнларида мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганда;
  • хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган, касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган номзод Миллий гвардияда хизматни ўташга яроқсиз деб топилганда;
  • умумий ва махсус талабларга мос келмаганда.

Мавзуга оид