Ўзбекистон | 15:13 / 24.01.2022
4800
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон саноатнинг барча тармоқларида биргаликда лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди

Шу мақсадда томонлар қўшма саноат корхоналари ташкил этишни режалаштирган.

Фото: Рамиз Бахтияров

Тожикистон ҳукумати ўз қарори билан Ўзбекистон ҳукумати билан саноат ва янги технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тасдиқлаш ва уни амалга ошириш бўйича зарур чораларни кўришни топширди. Бу ҳақда «Asia-Plus» хабар бермоқда.

Қарорда, шунингдек, келишув кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-қоидалари Тожикистон томонидан бажарилганлиги тўғрисида Ўзбекистон томонини хабардор қилиш топширилган.

Ўтган ҳафта охирида Тожикистон Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот порталида матни эълон қилинган келишувга кўра, енгил саноат, озиқ-овқат, кимё, қурилиш, тоғ-кон саноати, энергетика ва машинасозлик бошқа соҳалардаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, келишувда техника ва қайта ишлаш технологияси етказиб бериш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган. 

Ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, саноат маҳсулотлари ярмаркаси ва кўргазмалари, ишбилармон доиралар форумлари ташкил этилади. 

Томонлар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ҳамкорликни ривожлантириш чораларини кўради. Гап қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларни амалда татбиқ этиш ҳақида бормоқда. 

Ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи чоғида икки давлат ҳукуматлари Тожикистондаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш учун Душанбе шаҳрида юридик манзилга эга бўлган қўшма сармоявий компания ташкил этиш тўғрисида битим имзолаган эди. 

Тожикистон-Ўзбекистон сармоя компаниясининг устав капитали 12 миллион доллар миқдорида режалаштирилган эди. 

Компания таъсисчилари 75 фоиз улушга эга Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда устав капиталидаги 25 фоиз улушга эга «Тожинвест» ДУК ҳисобланади.

Мавзуга оид