Ўзбекистон | 22:02 / 25.01.2022
44180
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон энерготизимида бир неча кундан бери вазият таранг бўлиб тургани маълум бўлди

25 январдаги ялпи электр узилишлардан олдин ҳам, Қозоғистонда энергетика мувозанатини сақлаб туриш билан боғлиқ “таранг вазият” ҳукм сурган. Мамлакатнинг бош энергооператори шу сабабли тўрт кун олдин криптомайнерларни огоҳлантириб, улар бир ҳафтага электр тармоғидан буткул узилишини маълум қилган.

Фото: Depositphotos \ amixstudio

Қозоғистон электр тармоқлари оператори – KEGOC компанияси криптовалюта “қазиб олувчи” корхоналарни вақтинча электр тармоғидан узиб қўйди. Компания 21 январ куни майнер-корхоналарга бу ҳақда огоҳлантириш хати юборган, дея хабар бермоқда “Информбюро”.

Хатда криптовалюта “қазиб олувчилар”га электр энергияси етказиб бериш 24 январдан 31 январгача тўлиқ тўхтатилиши ёзилган, бу Қозоғистон ягона энергетика тизимидаги “электр энергияси ва қувват балансини сақлаш бўйича таранг вазият” билан изоҳланган.

Қозоғистонда блокчейн ва дата-марказлар саноати ассоциацияси президенти Алан Доржиевнинг ҳисоблашича, электр энергиясидаги муаммолар катта эҳтимол билан майнерлар эмас, инфратузилма билан боғлиқ.

“Кўриниб турибдики, майнинг бизнеси қарийб тўхташ арафасида, чунки электр энергиясидаги бунақанги узилишлар билан ишлаб бўлмайди. Биз неча марта гапирдик, муаммо илдизи электр энергиясида, майнерларда эмас. Бизда бутун [энергетика] тизим етиб келган, 70 фоиздан ортиқ станциялар эскирган, уларнинг ёши Қозоғистон бўйича ўртача 40 ёш.

Электр энергияси нархларини доим жиловлаб келишди, саноатда эса жиддий молиявий чанқоқлик юзага келди.  Майнерлар эса, аслида, муайян вазиятда KEGOC ва Энергетика вазирлиги учун ўзини оқлаш имконияти бўлиб хизмат қилди”, – деган Доржиевнинг сўзларини келтирган “Информбюро”.

Майнинг, яъни махсус компьютер техникалари ёрдамида криптовалюта ишлаб чиқариш саноати кўп миқдорда электр энергиясини талаб қилади. Ўтган йили сентябр ойида Хитой ҳукумати мамлакатда криптовалюталар билан боғлиқ ҳар қандай турдаги операцияни тақиқлагач, кўплаб криптомайнерлар ускуналарини Қозоғистонга кўчирган эди. Натижада Қозоғистон криптовалюта “қазиб олиш” рейтингида АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқиб олганди.

Қозоғистонда криптомайнинг кескин ўсиши фонида 2021 йил кузидан бошлаб мамлакатда электр узилишлари тезлашгани кузатилган. Ҳукумат буни ноқонуний майнерлар фаолияти билан боғлайди.

25 январ куни Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария рўй бериб, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда кенг миқёсли электр узилишлари рўй берди.

Мавзуга оид