Ўзбекистон | 19:36 / 26.01.2022
16732
2 дақиқада ўқилади

«Бу – ижтимоий барқарорлик кушандаси» — Президент коррупцияга қарши кураш ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторда олдиндаги вазифаларни бажаришда талаб қаттиқ бўлишини таъкидлади. Коррупцияга давлат тузумини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандаси деб баҳо берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Кўриб турганингиздек, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини ҳаётга жорий этиш учун олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Уларни амалга ошириш албатта осон бўлмайди. 

Лекин биз ўтган беш йил мобайнида бу борада катта тажриба тўпладик, ўз иш услубимизни шакллантирдик. Энди талаб янада қаттиқ бўлади. Бу фақат президентнинг талаби эмас, бизга ишонч билдирган халқимизнинг талаби, ҳаёт талаби.

Шунинг учун ҳам бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшиб, ҳақиқий фидойилик намунасини кўрсатиб ишлашимиз керак», дейди давлат раҳбари.

Йиғилишда коррупция ва бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига, одамларни менсимаслик, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши кескин кураш олиб бориш кераклиги қайд этилди.

«Ҳар бир сўзимиз, ҳар бир хатти-ҳаракатимиз жамиятга, одамлар қалбига қандай таъсир кўрсатишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор беришимиз зарур. 

Давлат тузумини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандаси бўлган коррупция балосига қарши, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига, одамларни менсимаслик, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши барчамиз кескин кураш олиб боришимиз керак.

Мен ишонаман – кўпни кўрган, мард ва олижаноб, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз билан биргаликда Янги Ўзбекистонни – инсон тинч, озод ва фаровон яшайдиган, эзгу мақсадларини эмин-эркин амалга оширадиган давлат ва жамиятни албатта барпо этамиз. 

Бунинг учун бизда барча сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий асослар, энг муҳими, кучли хоҳиш-ирода ва қатъий интилиш бор», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид