16:26 / 27.01.2022
3682

Иссиқлик таъминоти берилмаган кунлар учун пул ундирилмайди — вазирлик

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги блэкаут туфайли иссиқлик берилмаган кунлар учун тўлов ундирилмаслигини маълум қилди. Шунингдек, иссиқлик таъминоти қачон меъёрига қайтиши ҳақида маълумот берилди.

Фото: KUN.UZ

Ишлатилмаган кунлар учун коммунал тўловлардан маълум миқдорда пул чегириб ташланади, яъни аҳоли иссиқлик берилмаган кунлар учун пул тўламайди. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли қарорида алоҳида кўзда тутилган.

Шунингдек, вазирлик иссиқлик қачон меъёрлашишига ҳам изоҳ берди.

“Олдинги ҳароратга қачон қайтамиз деган саволлар бўлмоқда. Мутасаддилар қозонхоналарни бевосита кўряпти. 26 январ куни Тошкент шаҳри мисолида барча қозонхоналар фаолияти тикланган. Лекин меъёрдаги иссиқлик хонадонларга кириб бормаган. Бу албатта техноген фавқулодда ҳолат билан боғлиқ. Газ босимининг кўтарилиши 27 январ куни эрталабдан бошланди ва меъёрга чиқиш қозонхоналарда ҳам аста-секинлик билан давом этяпти.

Мутахассислар ҳозиргина маълумот берди, (соат 14:00 ҳолатига) бирданига қозонхоналарнинг иссиқлик температурасини кўтариб бўлмайди, бугун тунга бориб меъёрий ҳолатга қайтиш имконияти бўлади”, – деди вазирлик масъули.

Маълум қилинишича, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида бир соатда 19 минг метр кубдан ортиқ иссиқ сув иситилиб, хонадонларга ҳайдалади.

Top