Жаҳон | 08:51 / 29.05.2026
3674
2 дақиқада ўқилади

2027 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин

Жаҳон метеорология ташкилоти прогнозларига кўра, 2026–2030 йиллар оралиғида Ердаги ўртача ҳарорат тарихий рекорд даражаларга етиши мумкин. Мутахассислар 2027 йилни кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши эҳтимоли юқори деб баҳоламоқда.

Фото: AP

БМТ ҳузуридаги Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ)нинг янги ҳисоботида қайд этилишича, 2026–2030 йилларда Ернинг ўртача йиллик ҳарорати саноатлашувдан олдинги 1850–1900 йиллар кўрсаткичидан 1,3–1,9 даража Цельсийга юқори бўлиши мумкин.

Ташкилот мутахассислари глобал ҳароратнинг саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан камида 1,5 даражага ошиш эҳтимолини 75 фоиз деб баҳолаган. Мазкур чегара 2015 йилда қабул қилинган Париж иқлим келишувида белгиланган узоқ муддатли мақсад ҳисобланади.

Ҳисоботга кўра, 2026–2030 йиллар орасидаги йиллардан бири 2024 йилда ўрнатилган ҳарорат рекордини янгилаши эҳтимоли 86 фоизни ташкил этади. Метеорологлар бундай рекорд энг эҳтимол 2027 йилда кузатилишини тахмин қилмоқда.

Бу ҳолатга асосий омиллардан бири сифатида Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси кўрсатилмоқда. У Тинч океаннинг экватор қисмида сув ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ бўлиб, бутун дунё бўйлаб об-ҳаво шароитларига жиддий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, ҳисоботда Арктикада кейинги беш қиш мавсуми давомида ҳарорат 1991–2020 йиллар ўртача кўрсаткичидан 2,8 даражага юқори бўлиши кутилмоқда. Метеорологлар Шимолий Европада эса сернам қишлар кузатилиши ва бу сув тошқинлари хавфини ошириши мумкинлигини таъкидламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид