Жамият | 23:17 / 28.01.2022
17483
7 дақиқада ўқилади

Беморлар орасида болалар сони кўпайган. Зангиотадан репортаж

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасидан махсус репортаж тақдим этди.

Вазирлик янги тўлқиннинг аввалгиларидан асосий фарқли жиҳати инфекция болалар орасида кўпайганини қайд этган. Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси одатий беморлар билан бирга, болалар ва ҳомиладорлар ҳам коронавирусга қарши даволанади. 

Касаллик июль ойидаги каби тез тарқалмоқда, аммо...

Муассаса мутасаддилари кейинги кунларда мурожаатлар сони ошганини тасдиқлади. Касаллик тарқалиши анча камайган ҳолатларда ҳам 400-500 нафар бемор даволанган шифохонада бугун беморлар сони 2-3 баробар кўпайган. 

Бу ердаги туғруқ мажмуаси ва болалар бўлимида умумий беморларнинг учдан бир қисми даволанмоқда. 

Ўтган йили пандемиянинг юртимиздаги энг юқори чўққиси июль ойига тўғри келган эди. Ўшанда муассасада 2000 нафарга яқин бемор даволанган. Ҳозирги кўтарилиш билан ўтган йилги тўлқинни ўзаро солиштирганда, асосий фарқ эндиликда оғир аҳволдаги беморлар салмоғи аввалгидан камроқ эканида кўринади. 

Демак, Зангиота шифохоналаридаги ҳолат бутун дунё олимлари таъкидлаётган фикрларни тасдиқлайди: вируснинг юқувчанлиги ошиб, оғир ҳолатлар нисбатан камайиб бормоқда.

Мурожаатлар кўпайиши билан шифокорларнинг иш юкламаси ҳам ошган. Тўғри, беморларнинг аксариятига амбулатор ёрдам кўрсатиляпти. Лекин шунинг ўзи ҳам касалликнинг янги тўлқини кучайиб бораётганини тасдиқлайди.

Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимида 100 нафардан ортиқ бемор касалликка қарши курашаётганига гувоҳ бўламиз. Бир қарашда 1000 нафардан ортиқ касалга нисбатан 100 дан ортиқ оғир ҳолат ижобий кўрсаткичдек кўринади. Лекин мамлакатдаги энг йирик коронавирусни даволовчи шифохоналардан бирида шунча бемор вирус сабаб ўлим билан олишаётгани сиз-у бизни сергаклантириши керак.

Микс-инфекция! Бу янгиликми?

Касалликнинг кечиши, унинг намоён бўлиш белгилари ҳақидаги саволлар билан яна мутахассисларга юзланамиз. Муассаса директори ўринбосари Ҳилола Алимованинг таъкидлашича, коронавирусни даволаш жараёнида мутахассислар микс-инфекция, яъни коронавируснинг турли штаммлари симптомларининг ўзаро биргаликда намоён бўлишига дуч келишмоқда. 

«Дельта штаммида ўпка зарарланиши юқори экани кузатилган эди. Омикроннинг эса юқумлилик даражаси ўта баланд, касалликнинг кечуви нисбатан енгил. Ана шу белгиларнинг биргаликда кечиш ҳолатлари амалиётда тасдиқланмоқда. Бу — огоҳлик сигнали! Вирус яшаб қолиш учун курашмоқда», дейди шифокор. 

«Ихтисослашиб» бораётган коронавируc

Омикроннинг аввалги штаммлардан яна бир фарқи ҳам бўлиб, бу — болаларда ва ҳомиладор аёлларда кўп қайд этилаётганидир. Аммо касалликнинг кечуви бу икки тоифада ҳам ўзаро фарқ қилаётганини кўриш мумкин.

Амалиётда ҳомиладорларда ўпка зарарланиши 5 фоизга ҳам етмаса, болаларда 60-70 фоиз ҳолатларда пневмония белгилари намоён бўлмоқда. Айниқса, 1 ёшгача бўлганларда бу жараён оғирроқ кечяпти.

Болаларда диарея белгилари кўриниши ҳам коронавирус янги штаммининг ўзига хосликларидан дейиш мумкин.

Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимида ётган беморларнинг 90 фоизи вакцина олмаган фуқаролар экани ҳам хулоса қилиш учун етарли асос.

Хўш, қолган 10 фоизи-чи, ахир, улар вакцина олган эди-ку, десангиз, бу беморларнинг сурункали ёндош касалликлари борлиги маълум бўлади. 

Шифохонага мурожаат қилганларнинг ҳам енгил ҳолатдагилари, асосан, коронавирусга қарши вакцина олган фуқаролар бўлиб, касаллик оғир кечаётганлар эмланмаган аҳоли вакиллари бўлиб чиқмоқда. 

Беморлар қулоқ оғриғидан ҳам шикоят қилишган...

Омикроннинг аввалги штаммлардан кўра енгил кечаётгани хотиржамликка сабаб бўла олмайди, албатта. Янгича вирус юрак ва буйрак соҳаларида асорат қолдириши таъкидланмоқда. Шундай хавф мавжуд экан, қандай қилиб вирусдан эҳтиёт бўлмаслик керак?

Томоқ соҳасидаги қаттиқ оғриқ, бурун оқиши, бош оғриғи, диарея ҳозирги штаммнинг асосий симптомлари экани кўп марта таъкидланди. Айрим ҳолатларда иситма чиқиши ҳам кузатилмоқда. Баъзида беморнинг аъзойи бадани оғрий бошлайди. Ҳилола Алимованинг маълум қилишича, коронавирусга чалинган беморларнинг айримлари қулоқ оғриғидан шикоят қилган ҳолатлар учраб турибди.

«Агрессив терапия» ўзини оқламайди

COVID-19нинг аввалги тўлқинларида аҳоли ваҳимага тушиб, ким нима тавсия берса, ўшани синаб кўришга киришиб кетганди. Мутахассис бўлмаган шифокорлар ҳам, кези келганда, кўчада юрган оддий фуқаро ҳам коронавирусни даволаш бўйича ўз “тавсия”ларини қалаштириб ташларди. Шу сабабли ҳам уй шароитида антибиотик ва гормонларни ўзбошимчалик билан қўллаш ҳолатлари кўплаб қайд этилган.

Бундай ҳолатлар бугун юз бермаяпти, деб айта олмаймиз. Ҳозир асосан енгил кўринишда ўтаётган касалликка қарши бундай агрессив муолажалар ўзини мутлақо оқламаслиги, тўғри ва вақтида қўлланган чоралар билангина вирусни енгиш мумкинлиги ўз исботини топмоқда.

«Барча йўллар вакцинага олиб боради»

Вирусга қарши энг яхши профилактика шахсий гигиена қоидаларига мунтазам амал қилиш экани қайта-қайта такрорланиши ҳам кимгадир ёқмас, эҳтимол. Бироқ, маълум бўлишича, коронавирус туфайли болаларнинг мунтазам қўл ювиш қоидаларига амал қилишлари натижасида пандемия даврида вирусли гепатит ва бошқа ичак касалликлари тарқалиши кескин камайган.

Бугун шу каби қоидалар билан бирга вирусга қарши эмланиш ҳам COVID-19дан халос бўлишнинг энг самарали чораси бўлиб турибди. 

Касалланиш эҳтимоли юқори бўлган қатлам — болаларнинг 12-18 ёшгача бўлган қисми ҳам эмланишга рухсат берилган.

Болаларни коронавирусга қарши эмлашдан мақсад учта:

  • касалликнинг олдини олиш;
  • вирус ташувчиси бўлиб қолмаслик;
  • хасталикни асоратларсиз ўтказиш.  

Бутун дунёда болалар ўлимининг кескин камайишига айнан оммавий вакцинациялар сабаб бўлганини эсласак, бу чорага яна бир бор ишонч билдириш кераклиги ойдинлашади. 

Бугун коронавируснинг асосий нишонларидан бири бўлаётган ҳомиладор аёллар эмланиши мумкин эмас. Бу уларнинг касалликка чалиниш эҳтимолини янада оширади. Хўш, нима қилиш керак?

Мутахассиснинг тавсияси қуйидагича: ҳомиладорлар эмланиши мумкин эмас экан, унинг атрофидагилар эмланиши, шу билан бўлажак оналарни ва туғилажак чақалоқларни ҳимоя қилиш лозим.

«Коронавирусни даволаш бўйича тажриба барча давлатларда бир вақтнинг ўзида шаклланмоқда. Биз ҳам пандемия даврида катта тажриба ва миллий мутахассислар захирасига эга бўлдик. Ўзбекистоннинг бу борада ўз мактаби пайдо бўлди, бу — Зангиота мактаби!» дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид