Ўзбекистон | 11:00 / 28.01.2022
6156
5 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Бухородаги табиий газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳолати ўрганилди

Жорий йилнинг 25 январь куни минтақавий энерготизимда рўй берган носозликлар сабаб Республика бўйлаб электр энергияси таъминотида узилишлар бўлди ва табиийки ушбу ҳолат “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарма ва заводлари фаолиятига ҳам салбий таъсир ўтказди. Хусусан, Бухоро вилоятида жойлашган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ҳам газ қазиб чиқариш вақтинча тўхтади.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тузилган “Вақтинчалик штаб” аъзолари томонидан электр таъминоти тиклангач, бошқармалар ҳамда заводлар фаолиятини қайта йўлга қўйиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўрилди ҳамда тизимдаги корхоналар фаолияти тўлиқ тикланди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” жойларда тизим корхоналари фаолиятини тиклаш бўйича амалга оширилган ишларни назорат қилиши ва углеводородлар қазиб чиқаришни тўлиқ тиклаш фаолиятини жадаллаштириш мақсадида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ишчи гуруҳ ташриф давомида Газли газни қайта ишлаш заводи қурилмаларида технологик жараёнларнинг қайта йўлга қўйилганлиги, қурилмаларнинг иш ҳолати билан яқиндан танишди.

Хусусан, завод ҳудудидаги сиқув компрессор станцияси, газдан суюлтирилган газ ажратиб олиш қурилмасининг фаолияти ўрганилиб, узлуксиз иш ташкил қилиш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Мавжуд газ ҳайдаш агрегатлари тўлиқ қувватда ишлатилишини таъминлаш билан конлардан табиий газ қазиб чиқаришни тезда тўлиқ қайта тиклаш, суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш чораларини кўришга доир масалалар бўйича Газли бошқармаси ва заводи ҳамда тегишли департамент бошлиқларига бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Шунингдек, Газли газни қайта ишлаш заводи инфраструктура объектларини барпо этиш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳам жойида ўрганилди ва амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

2021 йил давомида ушбу заводда янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши, суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва углеводородлар қазиб чиқариш ҳажмининг кўпайишини инобатга олиб, маҳсулотларни истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш, транспорт воситаларига хизмат кўрсатишни яхшилаш учун барча қулайликларга эга замонавий 120 дан ортиқ транспорт воситаларига хизмат кўрсатувчи Автосарой, АЁҚШ ва АГҚШлар ҳам барпо этиш лойиҳаси бўйича қурилиш-монтаж ишлари бошланган эди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Лойиҳага асосан АЁҚШ ва АГҚШлар автоматик рақамлаштирилган режимда ишлайдиган қурилмалар билан жиҳозланиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди ва барча қурилмалар хавфсизликни таъминловчи назорат ўлчов асбоблари билан таъминланиб, рақамлаштиришни йўлга қўйиш ҳамда марказлаштирилган назорат тизими, транспорт воситаларини идентификация қилиш тизимини жорий қилиш топшириғи берилди.

Ҳозирги кунга қадар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан лойиҳа бўйича қурилиш монтаж ишларининг 70 фоиздан ортиғи бажарилди. Қурилиш ишлари билан танишиш давомида, масъул раҳбарларга қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ташриф давомида, сайёр йиғилиш ташкил этилиб, 2022 йилда Бошқарма бўйича углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида амалга оширилиши режалаштирилган геолого-техник тадбирлар, хусусан қудуқларни капитал таъмирлаш ва интенсификация ишлари ҳамда технологик объектларни ишга тушириш йўналишларидаги режалар тақдимоти ўтказилди.

Йиғилишда Газли газни қайта ишлаш заводида 2022 йилда газни олтингугуртдан тозалаш қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш ва суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўналишларида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ўз навбатида, бажариладиган геолого-техник тадбирлар ва лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари муҳокама этилиб, Бошқарма, завод раҳбарлари ҳамда департамент бошлиқларига ўз йўналишлари бўйича ишларни ташкиллаштириш вазифалари берилди.

Эслатиб ўтамиз, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан ўтган 2021 йил давомида 23 та конлардаги мавжуд 280 та қудуқлар орқали 4,5 млрд. метр куб табиий газ ва 98,8 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилди. Газли газни қайта ишлаш заводи томонидан 21,2 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди. Ҳозирда 10 та қудуқда капитал таъмирлаш ҳамда 6 та қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилмоқда. Геологик техник тадбирларни бажариш ҳисобига 2022 йилда 4,6 млрд. куб метр табиий газ қазиб чиқариш ва 60 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид