Ўзбекистон | 20:18 / 29.01.2022
77082
2 дақиқада ўқилади

Президент мамлакатда электр узилган биринчи тунни қандай ўтказганини гапириб берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳафталик фаолиятига бағишланган «Менимча» лойиҳасининг учинчи сони эфирга узатилди. Унда президент Ўзбекистонда электр таъминотида узилиш бўлган биринчи тунни қандай ўтказганини гапириб берди.

«Кеча биринчи ОАВдан одамларни огоҳлантиришни сўрадим, чунки халқ саросимага тушиб қолиши мумкин эди. Метродан қанча одам чиқарилди, тоғдан неча киши олиб чиқилди, нечта светофор ишлаяпти, қаерда «ГАИ» турибди, телефон нима бўлди – булар ҳақида ҳар дақиқа хабар бердик. Ҳаммани «бақиртирдим», бақиринглар дедим. Ҳеч ким ухлагани йўқ кечаси, бирорта одамни йўқотмайлик деб ҳаракат қилдик.

Бу жуда катта офат бўлди, шунчаки ҳисоблагични очиб тузатадиган авария эмас. Ҳамма нарсани ўчиришимизга тўғри келди. Мен станция ёниб кетишидан қўрқдим. Сирдарёдаги станция ёниб кетган, 1982 ёки 1983 йил эди. Мана шундай авария бўлган, олтита станциянинг ҳаммаси ёниб кетган. Шу сабаб бош вазир билан доимий алоқада бўлдим, бир кунда қанча сочимиз оқарди», деди президент.

25 январ куни Мараказий Осиё ягона энергетия тизимида авария сабаб узилиш юзага келди. 7 соатга яқин вақт давомида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда 40 миллион одам электрсиз қолди.

Мавзуга оид