Жамият | 10:49 / 29.01.2022
21011
4 дақиқада ўқилади

Пул ўрнига ташаккурнома — Сирдарёда вилоят ҳокимлиги буюртмасини бажарган корхона ўз пулини ололмаяпти

Таҳририятимизга мурожаат қилган Гулистон шаҳридаги корхона ходимларининг айтишича, уларнинг икки объектда амалга оширган ишлари учун пуллар тўлаб берилмаяпти. Объектлардан бири — Сирдарё вилоят ҳокимлиги биноси ҳовлиси.

«Сирдарё кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси Сирдарё вилоятидаги шу каби 12 та корхонадан бири. У Автомобил йўллари давлат қўмитаси тизимидаги корхона бўлиб, М39, М34 каби халқаро йўлларга ва кўприкларга хизмат кўрсатади.

«Бир пайтлар қарийб касод бўлиш ёқасига келиб қолган корхонага вилоят ҳокимлиги кўп ёрдам берди, буни инкор этмаймиз. Айни пайтда корхонамиз илғор корхоналардан бирига айланди, аммо бажарилган ишлар учун пулларни бериш пайсалга солинмоқда.

Тўғри, ишчи-ходимларимизнинг маошини беришда қийналганимиз йўқ. Аммо қурилиш материали ва хомашё етказиб берган таъминотчи корхоналар бизни аллақачон судга бериб, МИБ орқали техникаларимизга ва банкдаги ҳисобрақамларимизга тақиқ солдиришган», — деди биз билан суҳбатда корхона директори ўринбосари Рустам Тўраев.

Рустам Тўраев

Маълум бўлишича, «Сирдарё кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси 2019 йилда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳовли қисмида автотураргоҳ (автогараж) майдонида асфальт қопламаси ётқизиб берган, гранит бордюрлар ва лотоклар ўрнатган.

 

2019 йил 5 июлдаги қабул қилиш далолатномаси асосида Сирдарё вилоят ҳокимлигининг иш бошқармаси бошлиғи Т.Сайфуддиновга 436,9 млн сўмлик бажарилган иш ҳажми топширилган.

 

Пули ҳанузгача тўлаб берилмаётган иккинчи иш Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» МФЙдаги лойиҳавий кўчада ёритиш тизими қуриб берилганидир. Тушунарли бўлиши учун айтиш керак, бу М39 ва М34 йўллари орасини боғловчи кўчадан Сардоба тошқинидан жабр кўрганлар учун барпо этилган массивгача ўрнатилган ёритиш устунлари ва чироқларидир.

 

Ишлар 2020 йил 1 декабр куни Сирдарё вилоят ҳокимлигининг қурилиш бўйича «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» ДУК ўртасида пудрат шартномаси, вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 25 декабрдаги баённомасига асосан амалга оширилган.

Лойиҳа қиймати 561,4 млн сўмни ташкил этса-да, «ЯБХИК» ДУК 168,4 млн бўнак (аванс) суммасини ўтказиб бериб, қолган 493,7 млн сўмни тўлаб беришни пайсалга солмоқда.

Корхона ҳар икки жойда бажарилган ишлар учун тўлов масаласида вилоят ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилган. Ўз хатларида мавжуд ҳолат корхона ходимларининг норозилигини келтириб чиқараётгани, солиқ ва бошқа тўловлар кечикаётгани, таъминотчи корхоналардан қарздорлик вужудга келгани, бироқ корхона вилоят ҳокимлигини судга беришни ўзларига эп кўрмаётганини баён қилишган.

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев хатларга ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун виза қўйиб, қуйи поғонадаги ўринбосарларига йўналтирган. Ундан нарёғига иш жойидан силжимаган.

 

Таҳририятга ёзилган мурожаат хатида вилоят ҳокими ўринбосарлари «ишлар менинг давримда қилинмаган», деб, отангга бор-онангга бор қабилида иш кўришаётгани баён қилинган.

Корхона вилоят молия бошқармасига мурожаат қилганда маҳаллий бюджетдан пул ажратиш масаласи Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида кун тартибига қўйилади, деган жавобни олишган.

«Корхонамизнинг бажарган ишларини эътироф этиб, вилоят ҳокими ташаккурнома ҳам берган. Энди пулимизни беришса яхши бўларди», деди корхона раҳбари.

Биз Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳовлисига кириб, бажарилган ишларни ўз кўзимиз билан кўрмоқчи бўлганимизда, атрофи панжара билан ўраб олинган ҳокимлик биносига киришнинг ҳеч иложини топа олмадик. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари бемор, қолган мутасаддилар ҳам бемор эканлигини айтишди. Пешвоз чиққан ҳокимлик ходимлари эса бизни кирита олмасликларини айтишди.

Шу сабабли ҳокимлик ҳовлисида корхона ўзи тақдим этган фотосуратлардан фойдаланишга мажбур бўлдик. Иккинчи манзилда бажарилган ишларни ўз кўзимиз билан кўриб, гувоҳи бўлдик.

Ушбу масалага қандай ечим топилиши ҳақида Сирдарё вилоят ҳокимлиги ўз расмий муносабатини билдиради, деган умиддамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид