«Ахир мен диктаторман, демократияни тушунмайман» – Лукашенко миллатга мурожаатида нималар деди?
Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат халқи ва Миллий мажлисга мурожаат қилди. Нутқи давомида Лукашенко Ғарбнинг номақбул ҳаракатларига вақтида қаршилик қила олмагани учун кечирим сўради, ёшларга эса нон дарахтда ўсмаслигини уқтирди.
Бу гал Беларусь президентининг мурожаати одатдагидан бошқача ўтди. Унга турли касб вакиллари: сиёсатчилар, иқтисодчилар, ўқитувчилар ва журналистлар таклиф этилди. Президентнинг айтишича, кейинги мурожаатлар шундай форматда ўтади.
Беларусь Украинага қарши урушда иштирок этадими?
Лукашенко нутқи давомида бир неча марта Украинадаги эҳтимолий уруш мавзусига тўхталди. Бу ҳақда Ғарб нашрлари ўтган йил октябридан буён огоҳлантириб келади. Улар Россия Украина билан чегарада 100 мингдан ортиқ қўшин тўплаганини айтишади. Ғарб разведкаси маълумотларига кўра, Украинага ҳужум Беларусь ҳудудидан ҳам бошланиши мумкин. АҚШ Давлат департаменти Беларусни ўз ҳудудидан босқин уюштирилишига имкон берса, жиддий чоралар кўрилишидан огоҳлантирган.
Расмий Москва ва Минск Беларусда феврал ойида қўшма ҳарбий машғулот бошланишини эълон қилган. Лукашенко урушнинг эҳтимолий ҳолатлари ҳақида гапирар экан, у икки ҳолатда содир бўлишини айтган: ёки Беларусга тўғридан тўғри агрессия амалга оширилса ёки Беларуснинг иттифоқчиси Россияга ҳужум қилинса.
«Буларни шунчаки истисно сифатида айтдим. Аммо жуда-жуда умид қиламанки, бу икки ҳолатда ҳам уруш қилишга мажбур бўлмаймиз», деди Лукашенко.
«Ўғилларингизни урушга юборасизми?»
Мурожаат вақтида Лукашенкога залдагилар ҳам савол беришди. Могилёвлик ўқитувчи шундай савол билан мурожаат қилди: «Уруш бошланса, фронтга ўғилларингизни юборасизми?»
Бунга жавобан Лукашенко ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам фарзандини урушга юбориш мақсади йўқлигини айтди.
Мустақиллик масаласи
Лукашенко нутқи давомида мамлакат мустақиллиги ва суверенитети ҳақида кўп гапирди. У беларуслар миллий давлатчиликни қўлга киритиш учун узоқ йўлни босиб ўтгани ва уларда иккинчи имконият бўлмаслигини таъкидлади. Лукашенко айни дамда мамлакат мустақиллигига жиддий таҳдид хавф солаётганини айтди.
«2020 йил августида нима бўлди? Беларусь халқи эволюциясини йўқотишга уриниш бўлди», деди Лукашенко президентлик сайловида унинг ғалаба қозонганидан норози бўлган минглаб одамлар кўчага чиққан намойишлар ҳақида гапирар экан. Лукашенко сайловда ўзи ғалаба қозонганини иддао қилиб, намойишлар ноқонуний бўлганини айтиб келади.
Беларусь президентининг иддаосича, намойишчилар мамлакатни тиззалатиб, ташқи кучлар таъсирига тушиб қолиши учун ҳаракат қилган. Лукашенкога кўра, мамлакатдаги тартибсизликларни юзага келтиришга 6 миллиард доллар сарфланган, Ғарб турли дастурлар, семинарлар орқали инсонлар фикрини ўзгартирган.
Беларусь президенти икки йил аввал августда содир бўлган воқеаларда Ғарбни айблар экан, уларнинг номақбул ҳаракатларини нотўғри баҳолаб, кеч чора кўргани учун кечирим сўради. Лукашенконинг айтишича, хорижий агентлар Беларусга эколог, ҳуқуқ фаоли ва журналист сифатида келган. У эса ўша вақтда «иқтисод билан банд бўлган».
Беларусь рус тилидан воз кечиш (у бизнинг рус тилимиз деб гапирди), ёдгорликларни бузиш, НАТОга интилиш каби ғояларни илгари суриш Беларусдаги ҳолатни издан чиқариш учун тарғиб қилинган. Ички ҳолат издан чиқиши, миллий мустақиллик йўқотилиши ва тарихнинг қайта ёзилишига Лукашенко Украинани мисол қилиб келтириб, ўз мамлакатида бундай ҳолатларга йўл қўймаслигини айтди.
Лукашенко мамлакатда давлат бошқачароқ бўлишини истайдиган одамлар борлигини тан олиб, уларнинг ҳам талаблари инобатга олинишига ваъда берди. Қизиғи, кейинроқ Лукашенко «ўзгача давлат тузишга интилиш»ни бандитизм деб атади.
«Демократия бу – интизом»
Лукашенкога залдагилардан бири беларусча демократияни қандай тушуниши ҳақида савол берди. Бу саволга жавоб берган Лукашенко яна бир марта ўзининг диктатор эканини тан олишдан уялмади: «Ахир мен диктаторман, демократия нималигини тушунмайман». Лукашенконинг бу гапини кулги билан қарши олишди.
Лукашенконинг фикрича, демократия бу тартиб интизом демак, Европада бўлгани каби «ҳаддан ошишга имкон берадиган» анархия эмас. Унинг фикрича, Ғарб демократияси обрўсизланиб бўлди ва ўрнак бўлгулик эмас. «Демократия ва сўз эркинлиги ватани эканини иддао қиладиган Америкада бутун бошли мамлакат президентининг «оғзини ёпишди» (катта эҳтимол билан Трампнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари блоклангани назарда тутилмоқда). Трампни қамашларига сал қолди», деди у Ғарб демократиясининг ҳавас қиларли эмаслигини айтар экан.
Лукашенко президентлик муддати ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди ва максимум иккита муддатга рухсат берилиши тарафдори эмаслигини айтди. «Биламан, кўпчиликнинг жонига тегдим, дазмолни ёқса ҳам, Лукашенко чиқиб келаверади», деди Беларусь президенти. Аммо унинг айтишича, ўшанда (2020 йил августда) ҳолат унга лавозимини тарк этиш имконини бермаган.
Лукашенко охирги сайловларда кейинчалик унинг ҳукуматини қораламасликлари учун рози бўлганини айтди. Унинг айтишича, ҳеч қанақа Бабарикони қаматмаган, лекин барча номзодлар фирибгар бўлган.
Беларусь президенти мамлакатда шахсга сиғинишни тарғиб қилмаганини айтди. «Мен ҳайкалга айланганим йўқ, гапингизни ўзимга айтишингиз мумкин», деди Лукашенко мамлакатдаги норози кайфиятда бўлганларни ташқаридан президентга нима қилишни ўргатадиган ношукрларга қўшилмасликка чақирар экан.
Конституция бўйича таклиф
Лукашенко халқ янги конституцияни тасдиқласа, биринчилардан бўлиб фуқаролик жамияти бўйича қонун қабул қилинишига ваъда берди. Унинг фикрича, хориждаги қочоқлар одамларнинг бу борадаги фикрини ўзгартириб юборган.
27 феврал куни Беларусда янги конституция бўйича умуммиллий овоз бериш жараёни ўтказилади. Унда президент ваколатлари, дахлсизлиги ва у ўлдирилган тақдирда қандай ҳаракат қилиш бандлари киритилиши таклиф қилинган. Янги конституцияда никоҳ фақат эркак ва аёл ўртасида тузилиши, мамлакатда тинч атом ҳаракатини ривожлантириш, ядро қуролидан холи ҳудуд бўлиш статусини бекор қилиш каби таклифлар мавжуд.
Лукашенко мамлакат мустақиллиги бебаҳо нарса эканини айтар экан, беларуслар бу учун борини беришга тайёрлигига ишонч билдирди. «Мустақиллик учун нималарга тайёрсиз? Бу борада жавобингизни референдум куни билиб оламан», деди президент.
«Энг юқорини мақсад қилманг»
Нутқи давомида мамлакат ёшларига мурожаат қилган Лукашенко уларни мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишларини сўради, аммо энг юқорини кўзлаш шарт эмаслигини айтди. Ўзининг ёш президент бўлиши тасодиф эканини айтган Лукашенко ортиқ бундай бўлмаслигига ваъда берди.
У ёшларга нон ва ҳамбургер дарахтда ўсмаслигини айтди: «Ҳамма нарса меҳнатдан келади, буни мен ўйлаб топмаганман». Лукашенко ёшларга кўп маош кераклиги, аммо уларни мақташ зарарли эканини айтди.
Лукашенко беларусларнинг умрини узайтириш учун қўлидан келганини қилишини айтди. Президент тиббиётнинг бутун кучи эрта диагностикага қаратилишини таъкидлади: «Нима қилсангиз, қилинг, лекин одамларни даволанг. Истасангиз давлат буюртмаси асосида қилинг», деди Лукашенко мамлакат соғлиқни сақлаш вазирига қарата. У Ғарбда ҳеч бир давлат одамларни бепул даволамаслигини ҳам эслатди.
«Ақлсизлик назорат остида»
Мамлакатнинг иқтисодий режалари ҳақида гапирган Лукашенко «чораклик», «беш йиллик» ибораларини тез-тез ишлатди. Унинг фикрича, «ғаламислар ҳар қандай инқирозда ҳукуматни айбламаслиги учун» иқтисодий инфратузилмани тиклаш сиёсий вазифа. У Россия билан яқинлик иқтисодиётнинг асоси экани, шу сабаб Москва билан муносабатлар янада яқинлашишини айтди.
«Россия Беларусни «ютиб юбормоқчи» деган сафсатани бас қилинг, бу бўлмаган гап», деди Лукашенко. У Хитой билан ҳамкорликни ҳам иқтисодий ва сиёсий масала деб атади. Лукашенко халқаро санкциялардан қўрқмаслигини айтди. Унинг фикрича, мамлакат жуда кўп экспорт қилмайди ва миллиардлаб одам яшайдиган ҳамкорлари борлиги ташқи савдо айланмаси борасида режаларни тўлдириш учун кифоя қилади.
Қўшни давлатларга, хусусан, Литвага Лукашенко Беларусь билан иқтисодий урушни тўхтатишни тавсия қилди. Унинг фикрича, кейинги босқичда ҳақиқий уруш бошланиб кетади. «Ақлсизлик ҳали жиловда бўлган вақтда» юзини сақлаб қолишни маслаҳат берди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
23:47 / 23.11.2024
Лукашенко полшалик қочоқ судяга бошпана тақдим этди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024