Спорт | 18:57 / 31.01.2022
17862
9 дақиқада ўқилади

Сюрпризлар бўладими? Трансферларнинг сўнгги кунидаги интригалар

«Арсенал» ҳужумчи топадими, «Ювентус»ни кимлар тарк этади, «Барселона» Дембелени кимга сотади? Трансферлар даричасининг сўнгги кунида бир қатор шов-шувли ўтишлар рўй бериши кутилмоқда.

31 январь куни Европада қишки трансферлар ойнаси ёпилади, қишки трансферларда одатдагидек кўп ва шов-шувли трансферлар рўй бермади, аммо сўнгги кунда барчаси ўзгариб кетиши, клублар сўнгги дақиқаларда катта харидлар ҳақида эълон қилиши мумкин. Бугун жиддий трансферлардан бири амалга ошиб бўлди - кун ажойиб янгилик билан бошланди, Кристиан Эриксен Англияга қайтди ва «Брентфорд» билан мавсум якунига қадар шартнома имзолади. Қуйида кун давомида яна қандай трансферлар эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида.

Трансферлар даричаси қаерда қачон ёпилади?

  • Бундеслига – 22:00 (Тошкент)
  • А Серия – 00:00
  • АПЛ, Ла Лига и Лига 1 – 04:00
  • Россия чемпионатида қарийб бир ой бор – ойна 22 февралда ёпилади. 

«Барселона» Дембеледан қутуладими?

Фото: REUTERS/Albert Gea

Каталонлар клуби бир ойдан буён француз ҳужумчисига харидор изламоқда, табиати оғир бўлган бу футболчининг ўзи ҳам шартномани янгилашдан бош тортган ва клубдан кетишни ният қилган. Бош мураббий Хави ҳам жамоа Дембелега умид боғламаётганини айтган, шундай экан, футболчи қолса ҳам асосий таркибдан умид узишига тўғри келади.

Испан нашрларига кўра, форвард фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттиради. Аммо Усмон Дембеле «Барселона»да интизомга риоя этмаслиги билан ажралиб турарди, қолаверса жорий мавсумда статистик кўрсаткичлари билан мақтана олмайди, шу туфайли бундай футболчини таркибида кўришни истовчи клублар кўп эмас.

Аввалига футболчига «ПСЖ» талабгор экани айтилганди, сўнгги маълумотларга кўра, парижликлар устози бу қишда трансферлар қилмоқчи эмас. Клуб раҳбарияти ҳам франциялик футболчи учун катта пул сарфламоқчи эмаслиги ва уни ёзда эркин агент сифатида таркибига қўшиб олишни афзал кўргани айтилди.

Унга «Тоттенҳэм»дан ҳам қизиқиш мавжудлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди, аммо сўнгги хабарларга кўра «Челси» варианти ҳақиқатга яқинроқ. Томас Тухел унга Дортмундда устозлик қилган, футболчининг ўзи агар Тухел кетмаганида «Боруссия»да ўйнашда давом этган бўлишини айтганди.

Обамеянг Испанияда

«Барселона» Дембеле ўрнига тезкор габонликни сафга қўшиб олади. 32 ёшли ҳужумчи «Арсенал»да қатор муаммоларга дуч келди, у интизомга риоя этмагани учун аввалига сардорлик боғичидан маҳрум қилинди, кейинги ўйинларда майдонга туширилмади, Африка Кубогида ҳам можарога аралашиб қолди. Шу туфайли Лондон клуби қишки трансферлар ойнасида ушбу форварддан қутулиш учун иш олиб борди, унга аввалига Саудиянинг «Ан-Наср» клуби асосий даъвогар бўлиб турди, саудлар унга АПЛдаги маошини (ҳафтасига 250 минг фунт) тўлашга тайёр эди, аммо футболчи маоши сезиларли даражада камайиши эвазига бўлса-да, номдорроқ клубда тўп суришни танлади. У «Барселона» билан оғзаки келишувга эришиб қўйган.

Инсайдер Жеррард Ромеронинг ёзишича, Обамеянг айни вақтда Каталонияга етиб келган - «Арсенал» уни кўк-анорранглиларга мавсум охиригача ижарага беради. Аммо футболчи трансфери амалга ошиши учун «Барселона»ни Дембеле тарк этиши керак.

«Арсенал» ҳужум чизиғига кимни олади?

«Арсенал» январь ойи мобайнида «Фиорентина»дан сербиялик ҳужумчи Душан Влаҳовични олишга ҳаракат қилди ва трансфер учун унинг шартномасида кўрсатилган 70 млн еврони таклиф қилди, аммо сўнгги паллаларда уни «Ювентус» илиб кетди. Эндиликда Лондон клубининг асосий нишони «Атлетико» ҳужумчиси, ҳозирда «Ювентус»га ижарага берилган Алваро Мората бўлиб турибди. 

«Канонирлар» устози Микел Артетанинг ёрдамчиси Мигел Молина 29 ёшли форвард билан фаол музокара ўтказмоқда. «Ювентус»га иккинчи қайтиши у қадар муваффақиятли чиқмаган Мората Туринга яна бир топ-форвард келгани туфайли, асосий таркибдан умидини узишига тўғри келади. У яна бир бор Англия чемпионатида омадини синаб кўриши мумкин - биринчи уринишда у «Челси»да ўйнаб кетолмаганди. «Реал»дан чиққан бу ҳужумчи клубнинг ашаддий рақиби «Барселона» сафида пайдо бўлиши мумкин эди, аммо «Атлетико» унинг каталонияликлар сафига ўтишига йўл қўймади.

Ўтган ҳафтада, жамоа Дубайда йиғин ўтказаётган маҳалда Артета АҚШга, клуб раҳбари Стэн Кронке билан учрашиш учун йўл олган. Учрашувда Артета клуб учун «тўққизлик» ҳужумчи олиб беришни сўраган. Клубнинг шорт-листида «Реал Сосьедад»нинг швециялик ҳужумчиси Александр Исак ва «Эвертон» форварди Кальверт-Льюин ҳам бор.

«Ювентус»ни яна кимлар тарк этади?

Фото: FRANCESCO PECORARO/GETTY IMAGES

Деян Кулушевски – А Сериядаги энг прогрессив футболчилардан бири. Швециялик яримҳимоячини «Тоттенҳэм»да кутишмоқда, инглизлар клуби уни сафга қўшиб олишларига амин. Клуб уни кейинроқ 40 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара олади. ОАВ маълумотига кўра, томонлар оғзаки келишувга эришган. «Ювентус»нинг яна бир вакили Родриго Бентанкур ҳам катта эҳтимол билан қишки трансферлар якунига қадар «Тоттенҳэм» сафига қўшилади. Кулушевски ижарага берилаётган бўлса, Бентанкур бўйича музокаралар тўлақонли трансфер ҳақида кетмоқда. Родриго «Ювентус»нинг асосий таркиб футболчиси саналади, шу туфайли унинг учун каттагина маблағ тўлашга тўғри келиши мумкин. Маълумотларга кўра, лондонликлар трансфер учун 19 млн евро тўлаб, 6 млн евро бонус ваъда қилмоқда.

Шу билан бирга, лондонликлар клуби Тангае Н'Домбеле билан хайрлашган. Яримҳимоячига дастлаб «Валенсия» қизиқиш билдирганди, аммо кейинроқ клуб музокаралардан чиқди ва Франция грандлари – «Лион» ва «ПСЖ» ушбу футболчи учун асосий даъвогарларга айланди. Парижликларда молиявий фэйр-плей бўйича ҳам муаммолар бор эди, футболчи якунда собиқ клубига қайтадиган бўлди. Н’Домбеле «Лион»да ажойиб статистика қайд этган – 96 ўйинда 4+16.

Яна қандай ўзгаришлар кутилмоқда

  • Ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида «Вест Ҳэм»да ижара асосида ўйнаб, ўз салоҳиятини намойиш этганди. У ярим мавсумда яхши статистика қайд этган, АПЛнинг 16 ўйинида «гол+пас» тизими бўйича 13 очко жамғарганди. Ижарадан қайтганидан кейинги статистика эса шундай: 9 ўйин, барчасида захирадан тушиш, жами майдонда 88 дақиқа ва 2 голли ҳаракат. Бу қишда Лингардга «Ньюкасл» жиддий қизиқди. Сўнгги маълумотларга кўра, клуб уни қўйиб юборишга рози бўлган.
  • Sky Italia маълумотига кўра, «Ювентус» яримҳимоячиси Аарон Рэмси Буюк Британияга қайтмоқда. Уни Шотландиянингн «Рейнджерс» клуби сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олади. Катта эҳтимол билан ижара даврида туринликлар унинг маошининг бир қисмини тўлаб беради. Унга «Вулверҳэмптон» ва бошқа қитъадан ҳам қизиқишлар бор.
  • «Манчестер Юнайтед» Донни ван де Бекка янги иш топиб берган. Нидерландиялик яримҳимоячи тиббий кўрикдан ўтган ва тез орада «Эвертон» уни ижарага олганини эълон қилади.
  • «Манчестер Сити» «Ривер Плейт»нинг 22 ёшли ҳужумчиси Хулиан Альварес билан келишувга эришган. Инсайдер Романо маълумотига кўра, яқин соатлар ичида трансфер расман эълон қилинади. Шу билан бирга, июлга қадар Альварес ижара асосида «Ривер»да қолади. 2021 йилда форвард Аргентина чемпионатида 21 ўйинда майдонга туши, 28 гол урган ва 9 голга ҳаммуаллифлик қилган.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид