Суҳбатни тинглаб ёки ўқиб (рус тилида) сиз қуйидагиларни билиб оласиз:

  • Тадбиркорлар ва экспертларнинг солиқ хизматларига қандай даъволари бор?
  • Нима учун Солиқ қўмитаси солиқ қонунчилигини бузганликда айбланмоқда?
  • Қандай қилиб ҚҚС тўловчиларининг учдан бир қисми “қувғин-компаниялар”га айланди?
  • Нега экспертлар Солиқ қўмитаси ўз ҳаракатлари билан бизнесни сояга олиб боради, деб ҳисоблашади?

Шокир Шарипов, журналист: Биринчи савол, ҳурматли меҳмонлар, бунчалик норозиликларнинг сабаби нима? Нима бўлди ўзи соҳада?

В. Срапионов: Декабр ойи охиридан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори кучга кирди. Бу қарор ҳозир ҳамманинг оғзида. Қарор яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган. Бу аслида мутлақо тўғри йўналишдир. Сир эмаски, соядаги айланмалар бўлган ва ҳозир ҳам бор. Шунинг учун ҳам, табиийки, тартибга солувчи идоралар товарлар ҳаракати ва солиқларни ҳисоблашни бошидан охиригача назорат қилишни истайди. Ва бунинг учун юқорида айтиб ўтилган қарор баъзи янгиликларни киритади.

Хусусан:

  • маҳсулот ва хизматларнинг идентификацион коди – МХИК деб аталадиган кодлар ҳар бир товар объекти учун мажбурий бўлди;
  • ҚҚС тўловчиларни рўйхатга олиш шартларига тушунтиришлар берилди;
  • кирувчи ҚҚС суммаларини ҳисоб-китоб қилишнинг мутлақо янги шарти пайдо бўлди.

Буларнинг барчаси яширин айланмаларни камайтиришга қаратилгани аниқ ва буни фақат мамнуният билан қабул қилиш мумкин. Бироқ буларни амалга ошириш масаласи муваффақиятли кечмаяпти. Буни кўплаб саволлар, тортишувлар мисолида кўриш мумкин.

МХИКдан фойдаланиш ҳақида аллақачон хабарлар бўлган. Бу рўйхат ҳар куни янгиланади. Эҳтимол, унинг бундай бир марталик киритилишига тўлиқ тайёргарлик кўрилмаган. Бу ҳақиқатан ҳам ташкилий ва техник жиҳатдан жуда мураккаб жараён ва уни яхшилаш керак.

ҚҚС тўловчиларини рўйхатга олишдаги ўзгаришларга келсак, бу ўзгаришлар жуда кўп! Улардан баъзилари тушунарли, аммо баъзилари ҳайрат ва саволларга сабаб бўлди. Бу тўғри иш бўлиб туюлади – хавфнинг маълум даражалари тайинланган, унга кўра солиқ органлари барча корхоналарни олдиндан баҳолашлари ва таснифлашлари мумкин. Бундай мезонлар, албатта, солиқ органларининг назорат функцияларини сезиларли даражада осонлаштиради ва уларга “шубҳали” нарсаларга эътибор қаратиш имконини беради. Аммо ушбу “хавф даражалари” ҚҚС зачётларини чеклаш учун асос бўляпти, бу, албатта, кўпчилик хўжалик юритувчи субъектларни ҳайратлантирди.