11:07 / 02.02.2022
11655

АҚШ давлат қарзи биринчи марта 30 триллион доллардан ошди 

Кўрсаткич давлат қарзи кўрсаткичлари эълон қилина бошланган бутун давр учун рекорддир.

Фото: AP /John Minchillo

АҚШ давлат қарзи биринчи марта 30 триллион доллардан ошди. Буни сешанба куни АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган маълумотлар тасдиқлади.

Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳужжатда «жами давлат қарзи» устунида 30,012 триллион доллар миқдори кўрсатилган. Бу АҚШ давлат қарзи бўйича барча давр учун рекорд кўрсаткичдир.

The New York Times газетасининг ёзишича, жорий қийматларга кутилганидан бир неча йил олдин эришилган. Бу Қўшма Штатлар пандемияга қарши кураш учун йўналтирган триллионлаб доллар федерал харажатлар, шу жумладан 5 триллион доллар миқдордаги ишсизлик нафақалари, кичик бизнесни қутқариш ва қарз маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш тўловлари натижасига айланди.

2021 йилнинг биринчи ярмида COVID-19 билан касалланганлар сонининг камайиши туфайли АҚШ иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кескин тикланди: биринчи чоракда 6,3 фоиз ва иккинчи чоракда 6,7 фоиз. Бироқ, учинчи чоракда ўсиш 2,3 фоизгача секинлашди. Мутахассислар буни омикрон штаммининг тарқалиши, юқори инфляция (2021 йил декабрь ойи охирига келиб у 6,8 фоизга етди - 1982 йилдан бери энг юқори кўрсаткич) ва глобал таъминот занжиридаги муаммолар билан изоҳлади. 

Доналд Трамп президентлигининг сўнгги йилида (2020) АҚШ иқтисодиёти 3,5 фоизга қисқарди - бу 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейинги биринчи ва 1946 йилдан бери энг катта пасайиш бўлди (мамлакат ялпи ички маҳсулоти 11,6 фоизга камайди). 

Жо Байден президентлигининг биринчи йили натижаларига кўра, федерал захира тизими 5,5 фоизлик ўсишни башорат қилмоқда. Давом этаётган пандемия туфайли АҚШ ҳукумати ҳам тобора кўпроқ кредит олишга мажбур бўлмоқда - 2021 йил охирига келиб, давлат қарзи 29 триллион доллардан ошди (ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 125 фоизи), бу ҳукуматни давлат қарзи чегарасини 31,4 триллион долларгача оширишга мажбур қилди.

Top