Ўзбекистон | 08:22 / 02.02.2022
6452
2 дақиқада ўқилади

Айрим тиббиёт муассасалари ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг 2022-2025 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг 2022-2025 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади. Унга кўра, айрим тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек:

  • соғлиқни сақлаш тизимининг статистика кўрсаткичлари тезкорлигини, ишончлилиги ва холислигини таъминлайдиган халқаро стандартларга асосан шакллантирилган тиббиёт ахбороти ва статистикаси ягона электрон тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
  • хусусий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун шарт-шароит ва рақобат муҳитини ривожлантириш;
  • давлат тиббий суғурта дастури бўйича тиббий ёрдам кўрсатишда хусусий тиббиёт ташкилотларининг иштирокини таъминлаш режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

  • Молия вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Республика болалар тиббий реабилитация маркази ҳамда болалар санаторийлари ихтисослигини ўзгартириш орқали сурункали касаллиги ва ногиронлиги мавжуд болалар учун болалар тиббий реабилитация марказлари ташкил этиш 2022 йилдан бошлаб тўлиқ жорий этилишини;
  • Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг миқдорини 80 фоизга етказиш, ушбу тармоқдаги ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзларни яна 5 йилга узайтириш, замонавий фармацевтика кластерлари ҳамда зоналари ташкил этиш ва мавжудларини янада ривожлантириш чоралари кўрилишини;
  • Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан биргаликда 2022-2024 йиллар мобайнида Санитария-эпидемиология хизматининг халқаро аккредитацияга эга 250 дан зиёд лабораторияларини ташкил этиш, коронавирус инфекциясига қарши кураш тадбирларини 2022-2025 йиллар давомида тизимли давом эттириш ҳамда республика аҳолисини коронавирусга қарши профилактик эмлаш ишлари ташкил этилишини таъминлайди.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид