Жаҳон | 21:40 / 03.02.2022
32787
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳарбийлари Сурия шимолида махсус амалиёт ўтказди. ИШИДнинг навбатдаги раҳбари ўлдирилган

Америка махсус топшириқли отряди Суриянинг Идлибида радикал кучларга қарши сўнгги икки йилликдаги энг жиддий амалиётини ўтказди. АҚШ президенти Жо Байденнинг маълум қилишича, амалиёт давомида ИШИД етакчиси Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший ўлдирилган.

Фото: US DEPARTMENT OF STATE

«Кеча тунда АҚШ ҳарбийлари менинг буйруғим билан Сурия шимоли-ғарбида Америка халқи ва иттифоқчиларимизни ҳимоя қилишга қаратилган контртеррор операциясини муваффақиятли равишда амалга оширишди. [...] биз жанг майдонида ИШИД раҳбари Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийни йўқ қилдик», — дейилади Жо Байденнинг баёнотида.

Бундан ташқари, Байден твиттер аккаунтида ўзи, вице-президент Камала Ҳаррис ва президентнинг миллий хавфсизлик бўйича жамоаси аъзолари акс эттирилган фотосуратни жойлаштирди. Суратга изоҳда улар ал-Қурайшийни йўқ қилиш операциясини кузатишаётгани айтилган.

Ал-Ҳошимий ал-Қурайший 2019 йил кузида, Абубакр ал-Бағдодийнинг ўлимидан кейин (уни ҳам америкалик ҳарбийлар йўқ қилган) ИШИД халифаси сифатида эълон қилинганди.

Идлибда, Туркия билан чегара яқинидаги Атме шаҳрига уюштирилган рейдда, дастлабки хабарларга кўра, жами 13 киши ўлдирилган.

«Оқ каскалилар» ташкилоти маълумотига кўра, Атме яқинидаги уйга қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганларнинг олти нафари болалар, тўрт нафари аёллар.

Қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг маркази эса тўрт бола ва уч аёл ўлдирилгани ҳақида маълум қилган.

«Франс-пресс» агентлиги шахси сир сақланишини истаган америкалик амалдорга таяниб хабар қилишича, ал-Қурайший жанг вақтида ўзини портлатиб юборган ва натижада унинг хотинлари ва болалари ҳам ҳалок бўлган.

Рейд нишони Атме шаҳри атрофидаги икки қаватли уй бўлган - унда Ал-Ҳошимий Ал-Қурайший яшаган. US DEPARTMENT OF STATE

The New York Times нашрининг ёзишича, амалиётда йигирма нафар махсус хизмат аскарлари, ҳарбий вертолётлар ва дронлар қатнашган.

Вертолётларда келган спецназ

Воқеа жойидан олинган хабарларга кўра, маҳаллий вақт билан чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси Идлибдаги Атме шаҳри ҳудудига америкаликларнинг бир неча вертолётлари қўнган. Тарқалган аудиоларда америкалик ҳарбийлар овоз кучайтиргичлар орқали араб тилида аёллар ва болаларни хавфли ҳудудни тарк этишга чақиргани эшитилади, кўп ўтмай жанг бошланиб, икки соатга яқин давом этади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, америкаликлар бўлинмаси қаттиқ қаршиликка дуч келган; уларга қарата гранатомётлар ва йирик калибрли пулемётлардан ўт очилган.

Отишма тингач, вертолётлар учиб кетган.

Рейд гувоҳлари Reuters агентлигига жанг майдонида бир неча жасад ва жуда кўп қон кўришганини айтишган.

«Франс-пресс» агентлигининг маҳаллий мухбири жангдан кейин  Атмедаги рейд нишони бўлган уйга кирган. Унинг сўзларига кўра, уй деворлари ўқлардан илма-тешик бўлган, деворлар қонга беланган, шифтни портлашдан кейин қурум қоплаган, деразалар чил-чил синган, томнинг бир қисми қулаган.

Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг маркази бу рейд - америкалик ҳарбийлар Сурия шимоли-шарқида 2019 йил октябрида ИШИДнинг аввалги раҳнамоси Абубакр ал-Бағдодийни ўлдириш учун ўтказган амалиётдан кейинги энг жиддий амалиёт бўлди.

3 февралга ўтар кечаси ўтказилган рейддан кейин уйнинг ички кўриниши. Фото: EPA

Мухолифатнинг сўнгги таянчи
Сурия мухолифатининг сўнгги таянчи бўлиб қолаётган Идлиб провинциясини асосан «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи назорат қилади. 2017 йилга қадар бу гуруҳ «Ал-Қоида»нинг филиали ҳисобланган ва ҳозирга қадар ИШИД билан душман кайфиятда бўлиб келади.

Сурияга жанг қилиш учун келган ва Идлибда тўпланган хорижлик жангарилар «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»дан ажралган ва «Хуррас ад-Дин» гуруҳини тузишган, энди шу гуруҳ «Ал-Қоида»нинг Суриядаги филиали ҳисобланади.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» тез-тез «Хуррас ад-Дин»га қарши рейдлар ўтказиб туради, америкаликлар эса вақти вақти билан дронлардан ракеталар учириш орқали ушбу икки гуруҳ етакчиларини ўлдириб туради.

Мавзуга оид