Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Баданига иккита арматура кириб кетган 17 ёшли йигитнинг ҳаёти сақлаб қолинди
Металл парчаси кўкрак қафасининг ўнг орқа юзаси, 7 ва 9-қовурғалари орасидан кириб, 6-кўкрак умуртқасини тешиб ўтган ва орқа мия эзилишига сабаб бўлган.
Шу йилнинг 20 декабрь куни соат 11:00 ларда 2005 йилда туғилган Р.С. оғир аҳволда ва ҳушсиз ҳолда шифохонага олиб келинган.
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, қурилиш жараёнида иккинчи қаватдан йиқилиб тушиши оқибатида бемор танасига диаметри 15 мм.лик иккита арматура бўлаги кириб кетган. Шундан сўнг у зудлик билан "Тез ёрдам" машинасида шифохонага олиб келинган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қабул бўлимида бир қанча мутахассислар кўригидан сўнг беморнинг бош мия, бўйин, кўкрак ва бел-умуртқа соҳалари, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи аъзолари МСКТ қилинган. Шунингдек, қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси ультратовуш текширувидан ўтказилган.
— Металл парчаси бемор кўкрак қафасининг ўнг орқа юзаси, 7 ва 9-қовурғалари орасидан кириб, 6-кўкрак умуртқасини тешиб ўтган ва орқа мия эзилишига сабаб бўлган, — дейди марказ директори Дониёр Алимов. — Сўнгра ўнг ўмровости артерияси тагидан ўтиб, бош суяги мия асосининг ўрта чуқурчасини тешиб кирган.
Бош мия ўрта даражада лат еган. Бундан ташқари, ўнг чакка суяги ва орқа миянинг очиқ, тешиб ўтган жароҳати, 6-кўкрак умуртқасининг майдаланиб синиши каби ўта оғир шикастланишлар бемор ҳаётига хавф солиб турган эди.
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Шу сабабли марказнинг кардиохирург, нейрохирург, торокал ва умумий жарроҳ, травматолог, анестезиолог ва реаниматолог каби 10 дан ортиқ энг малакали мутахассислари томонидан 5 соатдан зиёд вақт давомида амалиётда кам учрайдиган мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилди. Натижада беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
— Бу бахтсиз ҳодиса ҳақида эшитганимда ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Боламнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокорлардан бутун умр миннатдорман, — дейди беморнинг онаси Р.Ражабова.
Ҳозир унинг аҳволи қониқарли, гемодинамик кўрсаткичлари барқарор бўлиб, муолажа жараёнлари давом эттирилмоқда.
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Мавзуга оид
15:32 / 09.06.2026
Андижонда 4 нафар эгизак дунёга келди
17:59 / 25.08.2025
“Сохта косметологлар ва сифати кафолатланмаган муолажалардан огоҳ бўлинг” – ССВ
15:43 / 20.01.2025
Шифохонада 2 ойлик чақалоқ қўли кесилди. Воқеага ССВ муносабат билдирди
20:16 / 22.10.2024