15:04 / 06.02.2022
28889

NYT: Россия Украинага бостириб киришга тайёргарликнинг якуний босқичида турибди

Фото: Getty Images

Россия ҳозирча Украина ҳудудига бостириб киришга тайёр эмас, аммо ҳарбий амалиётга тайёргарликнинг финал босқичида турибди. Бу ҳақда The New York Times украин қўмондонлигидаги манбаларига асосланиб хабар бермоқда.

Украина қўмондонлигидаги манбалар сўнгги икки ҳафтада Қримга 10 минг атрофидаги россиялик ҳарбий ўтказилгани ва яриморолда жойлашган бўлинмаларнинг айримлари юқори жанговар шай ҳолатга келтирилганини қайд этишган. Шунингдек,  Қримга Россия гвардиясининг бўлинмаси юборилганидан хавотир билдирилган, украиналик ҳарбийларнинг ҳисоблашича, бу бўлинмадан эгалланган ҳудудларни назорат қилиш учун фойдаланиш кўзда тутилган бўлиши мумкин.

Нашр билан суҳбатда бўлган таҳлилчилар фикрича, Қримнинг Украина билан чегарага яқин ҳудудида ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўрилмоқда — госпиталлар ва алоқа тизимларини жойлаштириш, радиоэлектрон воситаларига қарши чоралар кўриш, авиация ва қўшимча ҳарбий қисмларни кўчириб ўтказиш каби.

Экспертларнинг баҳоларига кўра, Россия ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўриш жараёнини якунлаш учун бир неча ҳафта  сарфлайди. Улар Россия чегарада етарли миқдорда ҳарбий тўплагани, аммо ҳозирча таъминот линиялари ва бошқа инфратузилмалар тайёр эмаслигини маълум қилишган.

Шу билан бирга, нашрнинг Украина қўмондонлигидаги манбалари ҳам, экспертлар ҳам Россия ҳарбийларини Украина билан чегарада жойлаштириш орқали айнан қандай мақсадларни кўзлаётгани ҳануз ноаниқ эканини таъкидлашган.

  • Ғарб сиёсатчилари ва ОАВ бир неча ойдан буён Россия Украина билан чегара ҳудудида қўшин тўплаётгани ҳақида айтиб келмоқда, уларнинг фикрича, бу босқинга тайёргарликдан дарак беради. Украинага ҳужум қилингудек бўлса, Ғарб Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этишни ваъда қилган.
  • Россия ҳукумати Украинага ҳужум қилмаслигини билдириб, чегара яқинида ҳарбий бўлинмалар жойлаштирилишини машғулотлар билан изоҳлаган.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top