Жамият | 11:08 / 06.02.2022
906
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда тегишли ҳужжатларсиз олиб кетилаётган 64 миллион сўмлик биологик фаол қўшимчалар аниқланди

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида тегишли ҳужжатларсиз олиб кетилаётган 32 миллион сўмлик биологик фаол қўшимчалар тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Чироқчи туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда аввалдан кузатувга олинган фуқаро Т.И. бошқарувидаги юк автомашинаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, автомашина юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 32 миллион 200 минг сўмлик 161 қути биологик фаол қўшимчалар ноқонуний равишда олиб кетилаётгани аниқланди.

Шунингдек, Қарши шаҳрида ўтказилган тадбирда фуқаро Х.И.га тегишли қути холислар иштирокида кўздан кечирилганда, қути ичида келгусида сотишга мўлжалланган 11 миллион 300 минг сўмлик биологик фаол қўшимчалар борлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Қарши шаҳрида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, фуқаро Х.И. дастлабки қиймати 22 миллион 500 минг сўмлик жами 50 дона биологик фаол қўшимчаларни қонунга зид равишда сотмоқчи бўлган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди.

Қайд этилишича, ҳозирда аниқланган ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид