WP: Россия бостириб кириш учун зарур кучларнинг 70 фоизини Украина чегарасига олиб келган
Нашр манбалари маълумотларига кўра, ўтган икки ҳафтада Россия Украина билан чегарадаги батальон гуруҳлари сонини 60тадан 83тага етказган, бу эса бостириб кириш учун зарур бўлган кучларнинг 70 фоизини ташкил этади.
Россия кенг кўламли босқин учун зарур куч ва воситаларнинг 70 фоизга яқинини Украина чегараларига олиб келиб бўлган. Бу ҳақда The Washington Post расмий доиралар ва Америка разведка хизматидаги «кўп сонли» манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр манбалари маълумотига кўра, «Россиянинг эҳтимоли ҳужуми учун чегара ҳудудида ҳар бири 750 аскардан иборат 83та батальон-тактик гуруҳлар шай ҳолга келтирилган. Мақолада таъкидланишича, бу бостириб кириш учун керак бўлган ҳарбий хизматчиларнинг 70 фоизи атрофида дегани. Шу билан бирга, нашрнинг қайд этишича, икки ҳафта олдин чегарада бундай гуруҳлардан 60таси қайд этилганди.
Бундан ташқари, Россиянинг ўнлаб кемалари Қора денгизда турибди. Россия «соҳил бўйлаб десант ҳужумларини бошлаши мумкинлиги» айтилган. Россия жами 100-130 минг ҳарбийни Украина чегараларига олиб келган.
Reuters ва The New York Times нашрлари ҳам шу каби маълумотлар тарқатган. Бу нашрлар манбалари баҳоларига кўра, бостириб кирилган тақдирда тинч аҳоли орасида қурбонлар сони 25 мингдан 50 минггача бўлиши мумкин, россиялик ҳарбийларнинг йўқотиши — 3 мингдан 10 минггача, украин ҳарбийларининг йўқотиши 5 мингдан 25 минггача бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қуролли можаро оқибатида 5 миллионга яқин киши қочқинларга айланиши тахмин қилинган.
Reuters 15 февралга қадар Украина замини музлаши, бу эса россияликларнинг армия таркибидаги механизациялашган бўлинмалари далалар бўйлаб қийинчиликсиз ҳаракатланишига шароит яратиши ҳақида ёзган. Бундай ҳолат март ойи охирига қадар сақланиб қолади.
WP нашрида қайд этилишича, Россия президенти Владимир Путин ХХР раиси Си Жинпинг билан учрашувдан кейин чегарадаги қўшинлар сонини оширишга қарор қилган. Газета маълумотига кўра, икки етакчида «АҚШ етакчилигидаги халқаро тартиб» бўйича қатор эътирозлар йиғилиб қолган. Шу билан бирга, вазиятдан хабардор бўлган америкалик расмийнинг айтишича, Хитой Украинада вазият беқарорлашаётганидан ташвишда, бу «Пекинни ноқулай ҳолатга тушириб қўйиши» мумкин.
Аввалроқ The New York Times нашри манбалари Россия Украина ҳудудига бостириб киришга ҳали тайёр эмаслиги, аммо ҳарбий операцияга тайёргарликнинг якуний босқичида тургани ҳақида хабар берганди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024