3 йил давом этиши қизиқтирган
2019 йил Термиз Банк коллежининг «Молия» йўналишини тамомлаганман. Ўша йилнинг ўзида Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган Лондон Жанубий Банк университетининг «Бизнес бошқаруви» йўналишига ўқишга кирдим ва сентябрь ойида Лондонга келдим.
Очиғи, Буюк Британияда ўқишни танлашимга жуда кўп факторлар сабаб бўлган. Энг муҳимларидан бири сифатидан мамлакатнинг халқаро даражада эътироф этиладиган таълим тизимини айтишим мумкин. Қолаверса, бакалаврда ўқиш 3 йил давом этиши ҳам бу ерга келишга ундаган.

«Network» қуришга ёрдам беради
Лондон бу ерда ўқиётган талабалар учун жуда кўп имконият эшикларини очади. Биринчи навбатда кенг дунёқарашга эга бўлиш имкони бор. Чунки мамлакатда иш ва ўқиш учун келган турли миллат ва давлат вакиллари билан мулоқот қиласиз. Бу эса ўз навбатида кучли «network» қуришга ёрдам беради. Масалан, ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, шу вақтга қадар Испания, Италия, Хитой, Швеция каби давлатлардан кўплаб дўстлар орттирдим.
Қўшимча қилиб айтишим керакки, Буюк Британия университетларида ортиқча фанлар ўтилмайди. Яъни битта семестрда ўртача 3 та фан ўтилади ва дарслар ҳафтасига 3-4 кун бўлади. Бу талабалар учун ўзига хос қулайлик деб ҳисоблайман. Боиси, талаба ўзининг устида ишлашига вақт яратилади ҳамда ўқиётган фанлари кўп бўлмагани учун дарсларни чуқур ўзлаштиришга кўпроқ эътибор ва куч сарфлайди.
Ҳар йили йигирма миллион атрофида туристлар келади
Ўйлашимча, Буюк Британиянинг жуда кўп ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда жорий қилиш мумкин. Мисол учун, мамлакатда банк тизими жуда яхши ривожланган. Хусусан, онлайн ва мобил банклар ҳозир кенг миқёсда фаолият юритмоқда. Улар орқали сиз хоҳлаган одамингизга, исталган вақтда ва миқдорда пулни ҳеч қандай комиссиясиз жўната оласиз. Яъни пул ўтказмалари бепул. Туризм соҳаси ҳам кучли тараққий этган. Масалан, биргина Лондонга дунё бўйлаб ҳар йили йигирма миллион атрофида туристлар келади. Аксарият диққатга сазовор жойлар, жумладан, музейлар ва бир қанча туристлар гавжум жойларга кириш мутлақо текин.










