«Дунё» АА мухбири хабар қилишига кўра, Лондонда ташкил этилган тадбирда Буюк Британия ҳукуматининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон билан савдо масалалари бўйича махсус вакили Лорд Олдердайс, Буюк Британия Бизнес ва савдо вазирлиги, Экспортни молиялаштириш агентлиги, «Стандард Чартеред» банки раҳбарлари, шунингдек, Cross Works, Zaha Hadid Architects, Arup, WilkinsonEyre, Civic, LDA Design, Crossrail International, AtkinsRéalis, Chapman Taylor ва бошқа етакчи муҳандислик ва архитектура компаниялари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Буюк Британия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган инфратузилма ва қурилиш лойиҳаларида иштирокини янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.

Таъкидланишича, Британия муҳандислик ва архитектура компаниялари аллақачон Ўзбекистондаги қатор лойиҳалар концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этган. Жумладан:

Cross Works компанияси томонидан Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси концепцияси;
Zaha Hadid Architects томонидан Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуа лойиҳаси;
Arup томонидан Самарқанддаги «Ипак йўли туризм маркази» лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилган.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда шаҳарсозлик, барқарор инфратузилма, замонавий архитектура ва маданий-инновацион марказларни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.