Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Айиқ қафасидан олиб чиқилган қизалоқ 18 ёшигача тиббиёт маркази назоратида бўлади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги айиқ қафасидан олиб чиқилган қизалоқнинг саломатлиги 18 ёшга тўлгунига қадар нуфузли тиббиёт маркази назоратида бўлишини маълум қилди. Вазирлик матбуот хизмати шифохонада бир неча кундан бери муолажа олаётган қизалоқнинг ҳолати бўйича маълумот берди.
«2018 йилда туғилган бемор З.А. шу йилнинг 29 январида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг болалар бўлими қабулхонасига «Тез ёрдам» машинасида олиб келинган эди.
Шундан сўнг унда стандарт бўйича неврологик, ультратовуш ва бош мия МСКТси каби қатор текширувлар амалга оширилиб, қизалоқ болалар реанимация бўлимига ётқизилган ва тегишли мутахассислар иштирокида зарур даво чоралари кўрилган. Унинг умумий аҳволи яхшилангач, бошқа бўлимга ўтказилган.
Ҳозир бемор тиббиёт ходимлари назорати остида режали муолажаларни давом эттирмоқда. Соғлиги кундан кунга тикланиб боряпти.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бемор қизалоқ З.А.нинг 18 ёшга тўлгунига қадар саломатлигини доимий назорат қилиш учун Болалар миллий тиббиёт маркази ва унинг директори, тиббиёт фанлари доктори Алишер Шариповни шахсан масъул этиб белгилади», дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида ўз қизини айиқ қафасига ташлаб юборган. Айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлишган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи аёл процессуал тартибда ушланганди.
Мавзуга оид
15:19 / 27.10.2025
Тошкент марказида изғиб юрган чиябўри ушланди
16:59 / 05.04.2025
Паркентда шерлар қурбони бўлган қоровул иши бўйича суд ҳукми ўқилди
16:41 / 24.02.2025
Тошкентда учиб юрган калхат ҳайвонот боғига қайтарилди
13:39 / 14.02.2025