Ўзбекистон | 19:27 / 08.02.2022
25799
5 дақиқада ўқилади

Тадбиркор ҳокимдан Сенат раисигача — ким қайси спорт турига масъул?

Ўзбекистонда шаклланган анъаналарга мувофиқ, спорт турларига умумий раҳбарлик катта-катта лавозим эгаларининг зиммасига қўшимча масъулият сифатида юклаб келинади.

Фото: KUN.UZ

Бугун, 8 феврал куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси этиб сайланди. Kun.uz мазкур янгиликдан сўнг мамлакатда қайси амалдор қайси спорт турига масъул қилиб белгиланганига назар солди.

Ўзбекистонда 20дан зиёд спорт федерациялари (уюшмалари) бор, уларнинг аксариятига таниқли шахслар раислик қилади. Айрим арбобларга спорт федерацияси раислигидан ташқари қўшимча бир нечта лавозимлар юклатилган.

Танзила Норбоева / Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон велоспорт федерацияси раҳбари ҳисобланади.

Азиз Абдуҳакимов / Фото: KUN.UZ

2021 йилдан бошлаб туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Шахмат федерациясига раислик қилиб келади. У бир вақтнинг ўзида Бадминтон федерациясига ҳам раҳбарлик қилади. Абдуҳакимов, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори ҳамдир.

Содиқ Сафоев / Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Регби федерацияси раиси лавозимида ишлайди. У федерацияга 2017 йилдан бери раҳбар. Бундан ташқари, таниқли дипломат бугунги кунда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори ҳам ҳисобланади.

Очилбой Раматов / Фото: KUN.UZ

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Бокс федерацияси раиси ҳисобланади, у бу лавозимни 2012 йилдан бери эгаллаб келади. Бундан ташқари, Раматов 2018-2019 йилларда Футбол федерацияси раиси ҳам бўлган.

Абдусалом Азизов / Фото: KUN.UZ

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов эса 2019 йилдан бери Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти ҳисобланади.

Русланбек Давлетов / Фото: KUN.UZ

Адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистон баскетбол федерациясига раислик қилади. Унга бу лавозим 2017 йилда вазир этиб тайинланганидан бир йил ўтиб берилган.

Рустам Жўраев
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерацияси раиси ҳисобланади (2020 йилдан буён). Рустам Жўраев айни пайтда камондан отиш федерациясига ҳам раислик қилади (2021 йил сентябрдан буён).

Ботир Зокиров / Фото: KUN.UZ

Қурилиш вазири Ботир ЗокировЎзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси. Вазир бу лавозимда 10 йилдан бери фаолият юритади.

Ойбек Қосимов

2021 йилда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон текбол федерацияси давлат рўйхатидан ўтказилди. Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов мазкур спорт ташкилотининг президенти бўлди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев / Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон йога федерациясининг раиси ҳисобланади. 2020 йилдан бери мазкур лавозим уники.

Ойбек Норинбоев

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев Ўқ отиш федерацияси раиси ҳисобланади. У бу лавозимда 2019 йилдан бери фаолият юритади.

Баҳодир Қурбонов / Фото: KUN.UZ

2020 йилдан бери ММА (Ўзбекистон аралаш жанг санъати ассоциацияси)га Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов раислик қилади.

Виктор Маҳмудов

Триатлон федерацияси раислигига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов 2020 йилда сайланган.

Отабек Умаров / Фото: KUN.UZ

2019 йилда ташкил қилинган ММА ассоциациясига Президент хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Отабек Умаров раис этиб сайланганди. У 2020 йилда ММА ва триатлон федерацияси раҳбарлигини тарк этди.

Алишер Султонов

Энергетика вазири Алишер Султонов Ўзбекистон Байдарка ва каноэда эшкак эшиш (Rоwing&Canoe) федерацияси раиси ҳисобланади, у бу лавозимга 2020 йилда сайланган. Энергетика вазири 2017 йилда Миллий олимпия қўмитаси президенти ҳамда 2018-19 йилларда қўмита вице президенти лавозимларини эгаллаган.

Алишер Мирсоатов

Ўзбекистон Миллий банки раиси Алишер Мирсоатов – Ўзбекистон теннис федерацияси раиси ҳамдир. У бу лавозимга 2020 йилда сайланган.

Абдуқодир Тошқулов

2022 йилдан олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси лавозимига сайланди. Волейбол федерацияси раиси лавозими ўрни унинг аввалги раиси, собиқ жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг 2021 йил 29 январ куни вазирликдан кетганидан кейин бўш қолаётганди.

Меҳриддин Абдуллаев / Фото: KUN.UZ

Спорт федерацияларидаги сўнгги тайинлов, юқорида айтганимиздек, Енгил атлетика федерациясида рўй берди. Ўзбекистонда енгил атлетика соҳаси учун жавобгарлик 8 феврал куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевга юклатилди.

Қўшимча маълумот: 2021 йилда Россиялик миллиардер, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти лавозимига сайланди. У 2008 йилдан бери халқаро миқёсда қиличбозлик спорт турининг раҳбари саналади. Усмонов 2012 ва 2016 йилларда бу лавозимга қайта сайланган.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид