Ўзбекистон | 09:04 / 08.02.2022
8561
3 дақиқада ўқилади

«Тадбиркор мулкини бузиш, унга зарар етказиш бизнинг мақсадимиз эмас». Ортиқхўжаев мурожаат билан чиқди

Жойларда ҳанузгача ер майдонларини тўғридан тўғри ажратиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилмаларни қуриш, енгил қурилмаларни ўрнатиш, автобус бекатлари ўрнида ҳеч бир рухсатсиз савдо дўконларини қуриш каби салбий ҳолатлар кўплаб учрамоқда.  

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тадбиркорларга мурожаатида айтилган. Мурожаат матни пойтахт ҳокимлиги томонидан эълон қилинди.

Қайд этилишича, бундай қурилмаларнинг аҳоли яшаш массивлари ичида, йўлнинг ҳимоя ҳудудларида, катта босим остида бўлган сув, газ қувурлари ўтказилган ҳимоя ҳудудларида барпо этилиши ҳолатлари аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига, ташқи муҳандислик тармоқларини қисқа муддатларда таъмирлашга салбий таъсир қилмоқда. 

“Сўнгги вақтларда ўзининг танишлари орқали ер олиб беришни ваъда қилаётган ёки турли сохта “қарорларни” кўрсатиб, кадастр ҳужжатини кейин ҳал қилиб беришга ишонтириб, ер сотиб олишни таклиф этаётган шахслар кўпайиб кетди. Уларга ишонманг”, дейилади ҳоким мурожаатида. 

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг таъкидлашича, “тадбиркор мулкини бузиш, унга зарар етказиш бизнинг мақсадимиз эмас”.  

Аммо, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда қурилган бино ва иншоотларнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди. Аксинча, ушбу ерни давлат захирасига қайтариш учун қурилган бинолар ҳеч қандай компенсация тўланмасдан бузилади ҳамда айбдор шахслар жазога тортилади. 

Бунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини давлатга қайтариш Ер кодексига мувофиқ, ҳокимларнинг қарорига ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади. 

“Албатта, турли қонунга хилоф йўллар ва ҳужжатларсиз олинган ерлар ноқонуний бўлиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррар ҳисобланади. Пойтахтимиз аҳолиси ва депутатларимиздан ҳам ўзлари яшаётган ҳудудларда ноқонуний равишда ўрнатилаётган енгил қурилма дўконлар, фаст-фуд шохобчалари ва автобус бекатлари ўрнида қурилаётган дўконлар ҳақида ўз вақтида ваколатли идораларга хабар беришларини, атрофдаги воқеликларга бефарқ бўлмасликларини илтимос қилардим”, дейди ҳоким. 

Унинг маълум қилишича, тадбиркорлик инсондан катта жасорат, ақл, меҳнат ва маблағ талаб қилади. 

“Тадбиркорлик билан шуғулланар экансиз, ўз маблағингизни эҳтиёт қилиб, ер олиш учун аукционда иштирок этиб, ернинг қонуний эгаси бўлинг. Ноқонуний ҳаракатларга аралашиб маблағингизга куйиб қолманг, алданманг, сармоянгизни тўғри сарфланг! Ўз бизнесингиз учун бино ёки ер участкасини сотиб олишдан олдин ваколатли органларнинг мутахассислари, малакали ҳуқуқшунослар ва адвокатлардан маслаҳат олишингизни илтимос қиламан!” дейилади мурожаатда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид