22:18 / 09.02.2022
46397

Россия Украина атрофида қуруқлик ва сувда йирик манёврлар бошламоқда

Россия армияси Жанубий ҳарбий округ ва Беларусда йирик ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда, Ўрта Ер денгизи ва Қора денгизда ҳам манёврлар бошланиши кутилмоқда. Буларнинг бари қўшни Украина ва Москвани урушга тайёрланишда гумон қилаётган Ғарб мамлакатлари билан муносабатлардаги инқироз фонида рўй бермоқда.

GAVRIIL GRIGOROV/TASS

Россия жанубидаги ўқув машғулотлари саккиз региондаги 15 ҳарбий полигонларда, шунингдек тан олинмаган Абхазия ва Жанубий Осетия республикаларида олиб борилмоқда.

Россия қўшинлари Волгоград области, Ставропол ўлкаси, Адигей, Чеченистон, Доғистон, Карачаево-Черкессия, Шимолий Осетия, Ингушетияда ҳаракатланмоқда.

Бундан ташқари, 2014 йилда Россия томонидан босиб олинган Қримда денгиз пиёдалари ўқув машғулотлари бошланган. РИА Новости Қора денгиз флоти матбуот хизматига асосланиб хабар беришича, Қримда соҳилни десанчилардан ҳимоялаш бўйича машғулотлар ўтказилмоқда.

Қора денгиздаги машғулотларга Каспий ва Болтиқ флотидан кемалар жалб этилган. Фото: VITALY NEVAR/TASS

Бу сўнгги вақтларда Жанубий ҳарбий округдаги илк машғулотлар эмас. Бу ерда бир неча ҳафта олдин ҳам машғулотлар ўтказилиб, олти мингга яқин ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий авиация ҳаракатга келтирилганди.

Беларусда кенг кўламли «Иттифоқчилик қатъияти — 2022» қўшма машғулотларига тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳозирда ҳарбийларни жойлаштириш ишлари кетмоқда, 10 февралдан фаол фаза бошланади.

Бундан ташқари, 20 январдан буён Россия ҳарбий-денгиз флотининг тўрт флоти ва Каспий флотилиясида серияли йирик машғулотлар ўтказилмоқда. Россия мудофаа вазирлиги бу машғулотларда 140 корабл ва кемалар, шунингдек 10 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар қатнашаётганини маълум қилган.

Айрим манёврлар якунланган. Январь ойи охирида Қора денгизда 20га яқин ҳарбий кемалар, жумладан Шимолий ва Болтиқ флотлари жанговар отишмалар билан машғулотлар ўтказган.

Яқин кунларда янги, сўнгги вақтларда Ўрта Ер денгизи ва Қора денгиздаги энг йирик машғулотлар бошланади. Ҳозиргача шуниси аниқки, Қора денгизга Шимолий ва Болтиқ флотидан олтита катта десант кемалари ташланган. «Варяг» ва «Маршал Устинов» русумидаги иккита ракетали крейсерлар Ўрта Ер денгизида бўлиб турибди, уларга учинчи крейсер - «Москва» қўшилиши мумкин. Уларнинг ҳар бири «Вулкан» русумли кемаларга қарши ракеталар билан жиҳозланган.

9 февраль ҳолатига кўра Қора денгиз ва Ўрта Ер денгизига жойлаштирилган рус кемалари гуруҳлари

Йирик кучлар

Ўрта Ер денгизидаги машғулотларда қатнашувчи кемалар сони расман маълум қилинмаган. Лекин расмий маълумотларга кўра, сўнгги кунларда бу ерга жанговар кемаларнинг иккита отряди келтирилган.

Тинч океани флотидан «Варяг» ракетали крейсери, сув ости кемаларига қарши «Адмирал Трибуц» кемаси ва йирик денгиз танкери «Борис Бутома» етиб келган. Бундан ташқари, шу кунларда денгизга Шимолий флот кемалари отряди кирган, флот таркибида «Маршал Устинов» ракетали крейсери, «Адмирал Касатонов» фрегати ва сув ости кемаларига қарши йирик «Вице-адмирал Кулаков» корабли ўрин олган.

Россия қуролли кучлари фаоллигини кузатиб борувчи айрим телеграм-каналлар хабар беришича, Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасидан очиқ денгизга «Москва» ракета крейсери чиқарилган. Тахминларга кўра, бу кема ҳам машғулотларга қўшилади.

Аввалроқ Ўрта Ер денгизида олтита йирик десант кораблларидан иборат гуруҳ шакллантирилганди. Гуруҳ таркибидаги «Оленегорский горняк», «Георгий Победоносец» ва «Пётр Моргунов» бу ерга Шимолий флотдан келган, «Королёв», «Минск» ва «Калининград» - Болтиқ денгизидан. 8 февраль куни гуруҳ Қора денгизга йўл олди, у ерда ҳам йирик ўқув машғулотлари ўтмоқда. Россия Қора денгиз флоти таркибида - еттита йирик десантчи корабллари мавжуд.

Январь ойи охирида «Известия» газетаси мудофаа вазирлигидаги манбасига асосланган ҳолда Ўрта Ер денгизидаги машғулотларда 20 кема иштирок этиши ҳақида ёзганди. Яна шунча кема Қора денгиздаги манёврларда қатнашиши кўзда тутилган.

Беларусдаги машғулотлар

«Иттифоқчилар жасорати-2022» манёврларида иштирок этаётган россиялик ва беларус ҳарбийларининг аниқ сони эълон қилинмаган, аммо январь ойи охирида Беларусь Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Виктор Гулевич расман машғулотлардаги ҳарбийлар сони «хабар қилиш чегараси»дан оширилмаслигини маълум қилганди.

2011 йилги Ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ҳақидаги Вена ҳужжатига кўра, машғулотлардаги ҳарбийлар сони 9 минг кишидан ортадиган бўлса, унинг қолган иштирокчиларини хабардор қилиш талаб этилади. Агар ҳарбийлар сони 13 мингдан ортадиган бўлса, машғулотларга хорижлик кузатувчиларни таклиф этиш керак бўлади.

Беларусдаги машғулотлар учун С-400 зенит-ракета мажмуалари олиб келинган. Фото: Getty Images

Машғулотлар Беларуснинг бешта полигонида - «Брестский», «Домановский», «Гожский», «Обуз-Лесновский» ва «Осиповичкий»да ўтказилмоқда. Тўртда аэродром - «Барановичи», «Лунинец», «Лида» ва «Мачулишчи»дан фойдаланилмоқда.

Россиядан машғулотларга Шарқий ҳарбий округ қўшинлари ташланган. Беларусга олиб борувчи йўлда жойлашган кўплаб темир йўл станцияларида ҳарбий техникалар ортилган эшелонлар қайд этилган.

Машғулотларга жўнатилган ҳарбий техникалар орасида Су-35 қирувчилари, Су-25СМ штурмовиклари, узоқ ва ўрта масофаларга мўлжалланган С-400 зенит-ракета мажмуалари ҳамда яқин радиусдаги нишонларга қаратиладиган «Панцирь» мажмуаларини санаш мумкин. Беларусга мотоўқчи бригадалар ҳам йўл олгани ҳақида хабарлар бор. Машғулотлар чоғида навбатчилик учун узоқ масофага учувчи авиация самолётлари - русларнинг Ту-22М3 бомбардимончилари ҳаракатга келтирилган.

Россия ва Беларусь қўшма машғулотлари ўтказиладиган ҳудудлар

Россия ва Беларусь ўзаро машғулотлар мудофаа характерида эканини таъкидламоқда. Аммо Ғарбдагилар бу машғулотлар Россиянинг Украинага бостириб киришга тайёргарлигининг бир қисми эканини гумон қилмоқда.

«Босқин кучлари»
2021 йил ноябрида Американинг Politico ва Bloomberg нашрлари Украина чегарасида рус қўшинлари тўпланаётгани тўғрисида хабар тарқатди. Шундан кейин Ғарбдагилар Россия урушга тайёрланаётгани ҳақида тинимсиз бонг ура бошлади.

Кучлар нисбати

Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларда Россиянинг Брянск области Климово қишлоғи ҳудудида (Беларусь ва Украина чегаралари яқинида), Воронеж областининг бир неча нуқталарида, аннексия қилинган Қримда ҳарбий техникалар тўпланганини кўриш мумкин.

Матбуот қўшинлар чегарага сурилишини кузатишда давом этди, сўнгги ҳафталарда бир неча йирик нашрлар Россия Украинага бостириб кириш учун чегарадаги қўшинларини кўпайтиришда давом этаётгани ҳақида ёзди.

Associated Press агентлиги америкалик аноним амалдорга асосланган ҳолда руслар февраль ойи охирида бостириб кириши мумкинлиги ҳақида хабар берди, Reuters манбаси Россия Украинага бостириб кириш учун керак бўлган қўшинларининг 70 фоизини чегарага олиб келгани ҳақида ёзди.

Агентлик маълумотига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида чегара ҳудудларда батальон-тактик гуруҳлари сони 60 дан 83 тага етган. Associated Press агентлиги суҳбатдошининг аниқлик киритишича, ҳар бир гуруҳдаги аскарлар сони 750 нафардан 1 минг нафаргача етади. Яна 14 гуруҳ йўлда экани айтилган.

Reuters ва Associated Press бу маълумотларини тасдиқловчи расмий асослар келтирмаган.

Бошқа нашрлар эса ҳатто қуролли можаро рўй берган тақдирда, эҳтимолий қурбонлар сонини ҳам ҳисоблашди (украин ҳарбийларидан 25 минг, россиялик ҳарбийлардан 10 минг, тинч аҳоли вакилларидан 50 минггача ), шунингдек руслар ҳужум қилса, Киев тез вақт ичида қулаши сценарийси ҳақиқатга яқин экани айтилди.

Турли баҳоларга кўра, Украинага бостириб кириш учун тайёрланган қўшинлар сони 100 минг билан 130 минг орасида.

Бу биринчи мартаси эмас
Ҳозирги инқироз - Россиянинг йирик машғулотлари вазиятни кескинлаштириб юбориши билан боғлиқ илк ҳолат эмас.

2021 йил апрель ойи бошида ЛХР ва ДХРдаги вазият кескинлашуви ортидан Conflict Intelligence Team суриштирув гуруҳи  сунъий йўлдош тасвирлари орқали аввалига Воронеж яқинида, кейин Қримда ҳам Россия қўшинлари тўпланганини аниқлади. Бу маълумотлар тасдиғини топган, интернетда қўшинлар чегарага кетаётгани акс этган видеолавҳалар тарқалганди.

Ўшанда ҳам Россия ғарбий чегаралар яқинида қуруқлик қўшинлари машғулотларини ўтказган, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу эса мамлакат қуролли кучлари уч ҳафта ичида ғарбий чегарага икки армия ва учта ҳаво-десант бўлинмасини жойлаштирганини маълум қилганди.

Худди шу вақтда Россия Қора денгизга ҳам каттагина гуруҳда кемалар жўнатади - Каспий флотилиясидан саккизта десантчи катерлар, Болтиқ денгизидан иккита катта десантчи корабли ва Шимолий денгиздан иккита шундай кема.

Бундан ташқари, денгиздаги машғулотларда бошқа кўплаб кемалар ва авиация кучлари қатнашган - 50 та жанговар самолётлар ракеталар учиришган ва денгиздаги нишонларни бомбалашган, мураккаб об-ҳаво шароитларида ҳамда сув сатҳига жуда яқин масофада туриб парвозлар амалга ошириш машқларини ўтказишган.

Ғарб билан муносабатлардаги яна бир жиддий кескинлашув 2017 йилда бўлиб ўтган ва бу ҳам ҳозиргидаги каби Беларусдаги машғулотлар билан боғлиқ эди. Ўшанда «Ғарб-2017» машғулотларида, расмий маълумотларга кўра 12,7 минг ҳарбий қатнашган (аммо хорижлик кузатувчилар чақирилган), 70 вертолёт ва самолётлар ҳамда 250 тага яқин танклар ҳаракатга келтирилган.

Ғарбда бу манёврлар урушга тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши мумкинлиги, Беларусга машғулотларга тайёргарлик ниқоби остида махфий тарзда катта кучлар ташланганини тахмин қилишган.

Бир йил олдин бўлгани каби Қора денгизда йирик десант кемалари тўпланганини (энди бундай кемалар тўртта эмас, олтита) кўпчилик Украинанинг Қора денгиз бўйидаги соҳилларига десант туширишга тайёргарлик сифатида қабул қилмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top