19:03 / 10.02.2022
27357

Netflix’да энг кўп кўрилаётган янги корейс сериалининг бош қаҳрамони ўзбекистонлик бўлиб чиқди

Январ охирида Netflix’да эълон қилинган “Биз ҳаммамиз ўлганмиз” номли корейс драмасида бош ролни ижро этган актёр Пак Соломон асли ўзбекистонлик. У кинодаги ролидан сўнг жуда машҳур бўлиб кетди. Мухлислари унинг Ўзбекистондан эканини аниқлашди.

Фото: Instagram / lomon991111

Netflix томонидан 28 январда эълон қилинган 12 қисмли “Биз ҳаммамиз ўлганмиз” фильми қисқа муддатда инглиз тилида бўлмаган топ 10талик кинолар рўйхатига кирди.

Кинода илмий тадқиқот хато олиб борилиши оқибатида маҳаллий ўрта мактаблардан бири зомбилар билан тўлиши ва қамалиб қолган ўқувчилар тирик қолиш учун ҳаракат қилиши акс этади.

Кино топ фильмлар рўйхатига киргач, томошабинлар бош ролларни ижро этган актёрлар ҳаёти билан қизиқа бошлашган ва актёрлардан бири асли ўзбекистонлик экани ҳақида маълумотлар чиқиб келган.

Ёш актёр, фильмда бош роллардан бирини ўйнаган Пак Соломон асли ўзбекистонлик, википедиада ҳам у ҳақида “корейс-ўзбек актёри” дея маълумот берилган.

Пак Соломон 1999 йил 11 ноябрда Ўзбекистонда туғилган, қисқа муддат Россияда ҳам яшайди ва бешинчи синфда ўқиётган пайти оиласи билан бирга Жанубий Кореяга кўчиб кетади.

Фото: Instagram / lomon991111

Актёрни айни пайтда Instagram ижтимоий тармоғида 4 млн обуначи кузатади. Netflix фильмидан сўнг мухлислари уни 2022 йилнинг янги юлдузи сифатида ҳам олқишлаяпти. Пак актёрликдан ташқари модел сифатида ҳам фаолият олиб боради, реклама роликларида суратга тушади. 

Top