Ўзбекистон | 10:00 / 07.09.2025
14765
3 дақиқада ўқилади

Санъатдан йироқ “санъат” – ўзбек сериаллари ҳақида сўз

Санъат деб ўзига шу номни олган ҳар бир нарсага айтса бўладими? Ичида бирон дона чуқур маъноси бўлмаган, аксинча бемаъниликни чўққига олиб чиққан сериалларни-чи – санъат деса бўладими?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Санъат нима” деган саволга жавоблар турлича. Менинг масалан жавобим радикал: ҳақиқий санъат шундай нарсаки, у ёқангиздан олиб, стереотипларингиз дунёсидан сизни суғуриб олади ва ҳақиқий дунё билан юзма-юз қолдиради. Ҳақиқий санъат таъсирида сиз бир лаҳзага бўлса-да онгингизни рамкаларга солиб қўйган ашқал-дашқаллардан қутулиб, ҳақиқий воқелик олдида яланғоч қоласиз.

Бундай лаҳзаларда сиз кичкина қобиғингиздан чиқиб, бутун бошли Коинотга чекадан туриб қарай оласиз ва уни – Коинотни нақадар катта куч юзага келтирганини туясиз. Бундай лаҳзада сиз онангиз раҳмига қайтиб, қанчалик ожиз эканингизни англайсиз. Бундай лаҳзада сиз учун вақт ва макон аҳамиятини йўқотиб, бутун ҳаётингиз битта нуқтага айланади. Қисқаси ҳақиқий санъат сизни ўзгартиради, унинг таъсирида сиз аввалги ҳолингизда қолмайсиз.

Бундан бошқачаси мен учун шахсан санъат эмас, кўнгилхушлик. Бунақа “санъат” қийналмай ясалади. Ҳақиқий санъат эса бу – оғриқли жараён, уни... “туғилиш” ёки “туғиш” деб атаса бўлади. Ҳақиқий ижод ўлиб-тирилиш билан баробар.

Бироқ шунчаки кўнгилхушлик учун ясаладиган “санъат” бу ҳали фавқулодда зарар эмас, руҳни ўлдирадигани ҳам бор. У инсоннинг энг паст – ҳайвоний ҳисларини қитиқлаб, эътиборини ўзига жалб қилади  ва шу орқали мақсад ҳосил бўлади. Уни ясайдиганлар маҳсулотлари инсонга қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлашмайди албатта, аммо сиз билан мен бу ҳақда ўйлашимиз керак.

Ўзбек сериалларидан намуналар.

Руҳсиз биз шунчаки тана. Руҳимизнинг ҳолати эса онгимизга боғлиқ. Онг руҳни кўкка кўтариб хурсанд қилиши мумкин, қафасларда қолиб ривожланмаган онг эса руҳни... “бемор қилиб” қўяди.    

Ҳақиқий санъат қандай юзага келади? Исёндан. Ижодкор қолиплар ичида қолиб кетган одамларни кўриб, манзарадан норози бўлади ва қафасларни синдиргиси келади. Мана шу руҳий ҳаракат уни – ижодкорни ўзига хос магнитга – ғояларни ўзига тортадиган объектга айлантиради. Мана шу онда у илҳом деб аталмиш неъматга лойиқ бўлади ва уни олади. Ва бу ҳаммаси эмас. Илҳомни асарга айлантириш учун ижодкор уни танасидан ўтказиши керак ва қийноқларда дунёга келтириши керак.

Ҳақиқий ижодкор мен учун – ёлғонларни бузиб синдирувчи ва ҳақиқат билан юзма-юз қолдирувчи аскар. Ҳақиқий санъат шахсий қафасингизни ҳеч бўлмаганда бир четини бузиб берувчи бир нарса. Бошқачаси... санъат эмас.   

Шокир Шарипов.

Муаллиф:  Шокир Шарипов

Мавзуга оид