10:36 / 10.02.2022
3690

Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлараро ҳамкорлик кенгашини тузди 

Фото: akorda.kz

Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлараро ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолади, деб хабар бермоқда «Хабар 24».

Кенгаш икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувларга мувофиқ ташкил этилган. Қозоғистон Мажлиси раиси Ерлан Кошанов бу қўшни давлатлар парламентлари ўртасидаги, жумладан, қонунчилик даражасидаги ўзаро ҳамкорликка янги суръат бағишлашини таъкидлади.

У республикалар ўртасида ўтган 30 йилдан ортиқ даврдаги дипломатик муносабатлар барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратганини таъкидлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов қозоқ-ўзбек интеграция алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасига берилган юксак баҳо учун миннатдорлик билдирди.

«Парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши барча келишувларни амалга оширишда: савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда парламентлараро ҳамкорлик самарадорлигини оширади. Ишонаманки, Ўзбекистон Қонунчилик палатаси спикерининг ушбу ташрифи қардош мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади», – деди Кошанов.

Аввалроқ, Нурдинжон Исмоилов Қозоғистон президенти билан учрашгани хабар қилинганди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоиловни қутлаб, мамлакатлар мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, умумий маданий қадриятларга таянган ҳолда, давлатлараро шериклик намунаси бўлган мустаҳкам ва уйғун муносабатлар ўрнатганини таъкидлади.

Top