Иқтисодиёт | 13:53 / 10.02.2022
20096
3 дақиқада ўқилади

Январда сўмнинг курси 0,8 фоизга мустаҳкамланди. Марказий банк сабабларни санади

2022 йилнинг илк ойида сўмнинг реал самарали алмашув курси индекси мустаҳкамланишига савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг қадрсизланиши асосий омил бўлди. Сўм 0,8 фоизга мустаҳкамланди.

2022 йилнинг илк ойида сўмнинг самарали алмашинув курси индекси декабрга нисбатан 0,8 фоизга мустаҳкамланди, дея хабар бермоқда Марказий банк.

МБ шарҳида сўм 2021 йил мос даврига нисбатан 5,4 фоизга, базавий ой – 2018 йилнинг июнига нисбатан 6,3 фоизга мустаҳкамлангани келтирилган.

Январда сўмнинг мустаҳкамланишига савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг қадрсизланиши, шунингдек, ички инфляция даражасининг савдо-ҳамкорларга нисбатан юқорилиги ҳисса қўшган.

Жорий йилнинг январ ойидаги реал самарали алмашув курси индекси динамикасида:

-  оширувчи омиллар: савдо-ҳамкор давлатлар валюта курслари ўзгариши – 3,1 фоиз банд, ички инфляция – 0,9 фоиз банд, сўм алмашув курси – 0,3 фоиз банд;

- пасайтирувчи омил: савдо-ҳамкор давлатлар инфляцияси – 3,5 фоиз бандни ташкил этди.

Ҳамкор давлатлар валютасиинг АҚШ долларига нисбатан динамикаси қандай бўлди?

-  Россия рубли 3,4 фоизга (74,8 дан 77,3 га) қадрсизланди. Бу Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида геосиёсий масалаларда консенсусга эришилмаётгани ва юқори ноаниқликлар билан изоҳланади;

-  Қозоғистон тенгеси нефт нархининг ўсиши фонида бироз (0,07 фоизга) мустаҳкамланди;

- Турк лираси 2022 йил январ ойи давомида тебраниш билан шаклланиб, бироз мустаҳкамланди. Бунга ўтган йил декабр ойида амалга оширилган катта ҳажмдаги интервенциялар ва Туркия хукумати томонидан миллий валютани қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлар асосий ҳисса қўшди;

- Хитой юани январ ойи давомида кичик тебранишлар билан шаклланиб, ўтган ойга нисбатан деярли ўзгармади.

Шунингдек, Марказий банк шарҳида ҳамкор давлатлар – Россия, Туркия ва Қозоғистонда инфляция ўсишда давом этгани келтирилган.

Аввалроқ, Марказий банк январ ойида асосий истеъмол товар ва хизматлари нархлари ўсиши 0,9 фоизни (2021 йилда 1 фоиз), йиллик инфляция даражаси эса 9,8 фоизни ташкил этганини маълум қилганди. Шундан кейин эълон қилинган МБ сўрови натижаларига кўра, аҳоли сезган инфляция 0,8 фоизга пасайиб, 15,4 фоизни ташкил этган.

Мавзуга оид