Ўзбекистон | 11:24 / 11.02.2022
2651
2 дақиқада ўқилади

ОИИБ Ўзбекистонда инвестиция портфелини кенгайтиришни режалаштирмоқда

Жорий йилнинг 10 февраль куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов видеоконференция тарзида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзин Лицюн билан музокаралар ўтказди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

ОИИБ билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги 2016 йилда бошланганига қарамасдан, у қисқа вақт ичида ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда мамлакатнинг стратегик шеригига айлангани таъкидланди

Ҳозирги кунда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар портфелида 932,7 миллион долларлик 9 лойиҳа мавжуд бўлиб, улар инфратузилмани модернизация қилиш, кичик ва ўрта бизнес ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ жойларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш каби соҳаларни қамраб олган.

ОИИБ раҳбарияти амалга ошириш босқичида бўлган лойиҳаларни илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтиришга ва жорий йилда тасдиқланиши кутилаётган янги лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнларини тезлаштиришга тайёрлигини билдирди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Шунингдек, томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар тўғрисида фикр алмашди. Энергетика, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, шунингдек, шаҳар инфратузилмасини ҳар томонлама ривожлантириш вазифалари истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.

2023-2025 йилларга мўлжалланган шериклик дастурини шакллантириш бўйича биргаликда ишлашга келишиб олинди, унда Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, аниқ лойиҳалар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилади.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

ОИИБ раҳбарияти иштирокида кенг кўламли халқаро тадбирлар, жумладан, жорий йил март ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми ва 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ОИИБ бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтилди. 

Банк раҳбарияти ушбу тадбирларни ташкил этиш ва илгари суришда яқин ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид