07:29 / 11.02.2022
5998

Юқори Чирчиқ туманлараро суди судяси лавозимидан озод этилди

Судялар олий кенгаши қарори билан судялик қасамёдини бузгани учун Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро суди судяси Ойбек Тошпўлатов лавозимидан озод этилди.

Фото: Getty Images

Судялар олий кенгаши матбуот хизмати хабарига кўра, Ойбек Тошпўлатовнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.

Шунингдек, масъулиятсизлиги ва фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун:

  • Олий суд судяси В.Сатторова;
  • Андижон вилоят маъмурий судининг раиси М.Салимов;
  • Андижон вилоят судининг раиси Т.Мелибоев;
  • фуқаролик ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро судининг раиси С.Раҳматуллаев;
  • фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг судяси Б.Қутлиев интизомий жавобгарликка тортилди.

Аввалроқ, Юқори Чирчиқ туманлараро суди судяси шериги билан бирга 3 минг доллар олган вақтида қўлга тушгани хабар берилганди.

Судялар олий кенгашининг 2022 йил 7 феврал кунги йиғилишида бош прокурорнинг Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди судяси Т.О.ни Жиноят кодексининг 210-модда 2-қисми билан жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинган.

Якунда кенгаш хулосаси билан Т.О.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кенгашда масаласи кўрилган судя Юқори Чирчиқ туманлараро судида ишлаб келган.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур судя ер билан боғлиқ низони ижобий ҳал қилиш эвазига жиноий шериги билан бирга 3 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.

Top