14:08 / 13.02.2022
53164

Россия ҳудудий сувларига АҚШ сувости кемаси кирганини иддао қилди. Пентагон рад этмоқда

Россия мудофаа вазирлиги «Маршал Шапошников» ҳарбий кемаси Курил ороллари яқинида мамлакат ҳудудий сувларига кирган Американинг атом сувости кемасига қарши махсус воситалардан фойдаланганини маълум қилди. Пентагондагилар АҚШ сувости кемаси Россия сувларига кирмаганини таъкидламоқда.

Фото: NURPHOTO (Американинг «Виржиния» русумли атомли сувости кемаси

Россия мудофаа вазирлиги хабарида, ушбу ҳодиса 12 февраль куни Москва вақти билан соат 10:40да, Курил ороллар тизмасидаги Уруп ороли яқинида ўтказилган машғулот чоғида содир бўлгани айтилган. Россиялик ҳарбийлар маълумотига кўра, у ерда Американинг «Вирджиния» классидаги сувости кемаси аниқланган. Унинг экипажига зудлик билан сув юзасига чиқиш буюрилган, аммо бу талаб бажарилмаган.

«Сувости овозли алоқаси режимида хорижий сувости кемаси экипажига рус ва инглиз тилларида шундай хабар юборилди: «Сиз Россия ҳудудий сувларида турибсиз. Зудлик билан юқорига кўтарилинг!» Америка сувости кемаси экипажи Россия томони талабини эътиборсиз қолдирди», - дейилади мудофаа вазирлиги баёнотида.

РФ мудофаа вазирлиги шундан сўнг ҳарбийлар «тегишли восита»ни қўллагани ҳақида маълум қилган, аммо айнан қандай восита ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмаган.

Россия мудофаа вазирлиги версиясига кўра, шундан кейин «Америка сув ости кемаси ўзиюрар имитатор орқали радиолокацион ва акустик назорат воситаларидаги нишонларни иккита қилиб кўрсатувчи воситани қўллаган ҳамда Россия Федерацияси ҳудудий сувларини максимал тезликда тарк этган».

Аммо АҚШ Қуролли кучларининг Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги расмий вакили Кайл Райнс шанба куни кечқурун Америка сувости кемалари Россия ҳудудий сувларига кирмаганини маълум қилди.

«Россияликларнинг биз уларнинг ҳудудий сувларида ҳаракатланганимиз ҳақидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди. Мен сувости кемаларимизнинг аниқ жойлашуви бўйича маълумот бермайман, аммо айтишим мумкинки, биз халқаро сувларда хавфсиз учамиз, сузамиз ва ҳаракатланамиз», деган у.

«Халқаро ҳуқуқнинг қўпол даражада бузилиши»
Россия ҳарбий идораси ушбу ҳодиса муносабати билан расмийлар АҚШнинг Москвадаги элчихонасининг мудофаа масалалари бўйича атташеси вазирликка чақирилганини маълум қилди. Москва ҳодисани «халқаро ҳуқуқларнинг қўпол тарзда бузилиши» деб баҳолаган ва сувости кемаси «Россия Федерацияси миллий хавфсизлигига таҳдид юзага келтиргани» маълум қилинган.

Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, ҳодиса Курил ороллар тизмасидаги Уруп ороли атрофида содир бўлган. SERGEI KARPUKHIN/TASS

Курил ороллари яқинидаги ҳолат Россиянинг Украина атрофидаги вазият туфайли Ғарб билан муносабатлари кескинлашиши фонида рўй берди. АҚШ ва НАТОнинг бошқа мамлакатлари Москва Украина чегаралари яқинида катта қўшин тўплагани ва ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Россия бундай режаси йўқлигини маълум қилиб, шу билан бирга Ғарбдан «хавфсизлик кафолати» талаб қилмоқда.

Шанба куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан телефон орқали мулоқот ўтказган. Пентагон хабарномасида «томонлар Қрим ва Украина атрофида россиялик ҳарбийлар ўсиб бораётгани»ни муҳокама этишган. Шу куни АҚШ президенти Жо Байден ва Россия раҳбари Владимир Путин ўртасида ҳам телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Top