Ўзбекистон | 16:16 / 14.02.2022
5495
2 дақиқада ўқилади

“Давлат аудити” дастурий комплекси ишга туширилди: бу нимани англатади? 

Дастурий комплекс бюджет ташкилотларидаги текширишларни тартибга солиши кутилмоқда. Назорат объекти раҳбарлари текширувлар қонунийлигини QR-код билан аниқлаши мумкин бўлади.

Фото: Shutterstock

Президент фармонига мувофиқ, “Давлат аудити” дастурий комплекси ишга туширилди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси Kun.uz’га маълум қилди.

Маълум қилинишича, мазкур дастурий комплекс бюджет ташкилотларидаги текширувларни тартибга солиш, назорат тадбирларининг самарадорлигини ошириш ва бу жараёнда инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, 2022 йилдан барча давлат молиявий назорати тадбирлари, шу жумладан, ички аудит хизматларининг аудит тадбирлари мажбурий тартибда “Давлат аудити” дастурий комплексида рўйхатга олинади.

Бунда, назорат объекти раҳбари QR-код орқали назорат тадбири асослилигини текшириш имкониятига эга бўлади.

 “Давлат аудити” дастурий комплексида рўйхатга олинмаган назорат тадбирларини ўтказишга йўл қўйилмайди ва бундай назорат тадбирлари ноқонуний ҳисобланади.

Ҳисоб палатасининг маълум қилишича, янги тизим орқали бюджет ташкилотларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, уларда қайта-қайта текширишлар ўтказиш ҳолатлари ҳамда фаолиятига асоссиз аралашувлар олди олинади.

 Бундан ташқари, бюджет ташкилотлари ўзларида ўтказилган давлат молиявий назорати тадбирлари юзасидан ёзма фикрларини “Давлат аудити” дастурий таъминотига киритиш ҳамда назорат тадбирлари якунларига баҳо бериш имкониятига эга бўлиши айтилмоқда. Бу эса назорат тадбирлари холислигини, текширувчиларнинг масъулиятини ошириши мумкин.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид