Ўзбекистон | 19:25 / 14.02.2022
31118
2 дақиқада ўқилади

Президент автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтириш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистон Миллий машинасозлик кластери ташкил этилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон машинасозлик саноатида ички талабдан келиб чиқиб 2022 йилда 410 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни машинасозлик саноати истиқболларига бағишланган йиғилишда маълум қилинган.

Йиғилишда бу рақам тармоқдаги мавжуд имкониятларга нисбатан анча камлиги таъкидланди.

Шу боис автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтириб, бутловчи қисмлар ҳисобига йиллик экспортни 500 миллион долларга етказишга кўрсатма берилди.

Бунда Россия ва Қозоғистоннинг йирик савдо тармоқлари орқали бутловчи қисмлар сотиш тажрибасини бошқа давлатларда ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Йиғилишда соҳани кластер усулида ривожлантириш кераклиги айтилди.

«Энди машинасозлик тармоғини саноат кластери усулида ривожлантирамиз. Бунинг учун етарли имконият ва салоҳиятимиз бор», — дейди президент.

Қайд этилишича, илм-фанга асосланиб, «инжиниринг – бутловчи қисмлар – тайёр маҳсулот – савдо ва сервис» яхлит занжири яратилади. Бунда:

  • 8 та йирик машинасозлик корхонаси (енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчилар);
  • бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 300 дан зиёд корхона;
  • молия, логистика, ички ва ташқи бозорлардаги савдо ва сервис тармоғи;
  • Турин политехника ва Андижон машинасозлик институтлари фаолиятини қамраб олиш зарур.

Бунинг натижасида Миллий машинасозлик кластери ташкил этилади. Икки ой муддатда ушбу кластерни ташкил этиш дастурини киритиш топширилди.

Кластерга хорижий инвесторлар ва хусусий секторни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратилади.

Бундан олдинроқ Ўзбекистонда автомобиль учун олдиндан тўлов миқдори 85 фоиздан 50 фоизгача пасайиши, навбатлар муаммоси бартараф этилиши, шунингдек, Ўзбекистонда импорт автомобиллар учун божхона божи 2 баробарга қисқартирилиши тўғрисида хабарлар берилганди.

Мавзуга оид