Жаҳон | 19:30 / 15.02.2022
52842
6 дақиқада ўқилади

Туркманистонда ҳокимият транзити. Кичик Бердимуҳамедов президентликка номзод бўлди

Туркманистон марказий сайлов комиссияси навбатдан ташқари сайловларга тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакатни 2007 йилдан буён бошқариб келган президент Гурбангули Бердимуҳамедов лавозимини тарк этиш ниятини билдирди. Унинг ўрнини катта эҳтимол билан ўғли Сердар эгаллайди.

Фото: Александр Астафьев / ТАСС / Scanpix / LETA

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов бўлажак сайловларда мамлакат президентлигига номзод этиб кўрсатилди. «Туркменистан сегодня» давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, бу борадаги қарор Туркманистон Демократик партиясининг 14 февраль куни ўтказилган навбатдан ташқари IX съездида қабул қилинган.

«Кун тартибига кўра, Туркманистон президенти лавозимига Туркманистон вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовнинг номзоди илгари сурилди. Съезд қатнашчилари Сердар Бердимуҳамедовнинг нутқини тинглади ва уни қўллаб-қувватлади», дейилади хабарда.

Арқадағ нафақага чиқмоқчи

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон президенти лавозимини бўшатмоқчи эканини маълум қилган. У 2021 йил якунлари ва келгуси 30 йилга мўлжалланган давлат сиёсатининг «устувор вазифалари» муҳокама қилинган Халқ Маслаҳати (мамлакат парламентининг юқори палатаси) йиғилишида шу ҳақда гапирди. Бу 11 февраль куни — унинг давлат раҳбари этиб сайланганига 15 йил тўлган кунда рўй берди.

Бердимуҳаммедов 2021 йил кузида Тошкентга ташрифи чоғида / Kun.uz

Туркманистон президенти мамлакатда тўлиқ ҳокимиятга эга, конституцияга кўра, унинг ваколати муддати чекланмаган.

Аммо жума куни  64 ёшли аркадағ кутилмаганда ўзининг «ёш етакчиларга йўл очиш» ҳақидаги «мураккаб» қарори ҳақида эълон қилди ва буни икки йил аввал «пайғамбарлик ёшига етгани» билан изоҳлади.

«Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлат бошқаруви сари йўлни маънавий муҳитда ва замоннинг юксак талаблари асосида тарбияланган ёш етакчиларга бериш керак, деган фикрни қўллаб-қувватлайман. Мен Халқ маслаҳати раиси сифатида катта ҳаётий ва сиёсий тажрибамни бундан буён ҳам шу соҳага йўналтириш ниятидаман», — деди Гурбангули Бердимуҳаммедов.

У парламент юқори палатаси раислигини ўзида сақлаб қолмоқчи. Давлат раҳбари бошқа ваколатлар ҳақида гапирмаган.

Бердимуҳамедовнинг баёнотидан кейинги куни Мажлис (парламентнинг қуйи палатаси) навбатдан ташқари президентлик сайловлари санаси сифатида 2022 йил 12 мартни белгилади. Мустақил Туркманистон тарихида атиги икки президент бўлган: Бердимуҳамедов ва унинг ўтмишдоши — Сапармурод Ниёзов.

Ворис ўғил

Расман Арқадағ (Ҳомий) мақомига эга бўлган Туркманистоннинг амалдаги президенти ўзининг вориси ҳақида эълон қилмаган, маҳаллий нашрлар унинг ўрнини ягона ўғли Сердар Бердимуҳамедов эгаллашига шубҳа қилмаяпти. Президент сўнгги йилларда ўз ўғлини ворисликка тайёрлаб келган, 2021 йил сентябрида кичик Бердимуҳамедов 40 ёшга тўлган ва президентликка номзод учун зарур ёш чегарасидан ўтганди.

Сердар Бердимуҳамедов 2022 йил январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинганди

Экспертлар фикрича, ҳокимият катта Бердимуҳамедовдан кичигига ўтказилиши жараёни бир неча йил давом этган ва бир йил олдин «финишга етиб келинган», бунга фақат иқтисодий ҳолат ёмонлашуви ва мамлакат аҳолиси норозилиги ўсиши халал бериши мумкин.

«Хроника Туркменистана»нинг қайд этишича, 2016 йил кузига қадар Бердимуҳамедовнинг ўғли ҳақида деярли ҳеч нарса маълум бўлмаган. Унинг номи ОАВда илк бор 2012 йилги президентлик сайловларида тилга олинган, ўшанда у отаси билан бирга сайлов участкасига келганди.

Кичик Бердимуҳамедов ҳақида нисбатан батафсил маълумотлар у 2016 йилда илк бор Туркманистон парламенти депутатлигига сайлангач, пайдо бўлди, 2018 йилги парламент сайловлари арафасида эса давлат нашрлари унинг тўлиқ биографиясини эълон қилди. Унга кўра, Сердар Бердимуҳамедов 1981 йил 22 сентябрида туғилган, у уйланган ва тўрт фарзанди бор. Дастлабки маълумоти бўйича технологик муҳандис (Туркманистон қишлоқ хўжалик университетини битирган), бир неча йил озиқ-овқат саноати ва нефть-газ секторида ишлаган.

Сердар Бердимуҳамедов 2008-2011 йилларда, сиёсий фаолиятини бошлашдан олдин Россия ТИВ дипломатия академиясида ўқиган. Шунингдек, 2011-2013 йилларда Женевадаги хавфсизлик сиёсати марказида ўқиб, Европа ва халқаро хавфсизлик бўйича магистрлик даражасини олган. У ўқиш давомида Москвадаги Туркманистон элчиси маслаҳатчиси ва Женевада Туркманистоннинг БМТдаги доимий вакили лавозимларида ишлаган.

Давлат хизмати мобайнида кичик Бердимуҳамедов ТИВда ишлашга, саноат вазирлигига раҳбарлик қилишга, шунингдек Ахал вилояти (области) губернатори бўлишга улгурган. Бу вилоятда у билан ишлаган собиқ ходимларнинг сўзларига кўра, қўл остидагилар билан мулоқотда президент ўғлининг севимли ибораси «Бўйнингни узаман!» бўлган. Бундан ташқари, уларга ўз кабинетларини заруратсиз тарк этиш тақиқланган, хонадан чиқадиган бўлса — кичик Бердимуҳаммедов бинода бўлганида шовқин қилмаслик талаб этилган.

Сердар Бердимуҳамедов 2018 йилда мамлакат ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлган, 2020 йилда саноат ва қурилиш вазири лавозимини эгаллаган. 2021 йил февралида у янги таъсис этилган бош вазир ўринбосарлиги лавозимига тайинланади. Ўшанда у амалда ўз отасининг ўринбосарига айланганди — Туркманистонда бош вазирлик лавозими йўқ, ҳукуматни эса президентнинг ўзи бошқаради. Шу билан бир вақтда президентнинг ўғли Туркманистон Олий назорат палатасига раис ҳам бўлади ва мамлакат хавфсизлик кенгаши таркибига киради.

2014 йилда Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон фанлар академиясида номзодлик диссертациясини ёқлаган, бир йил ўтмай техника фанлари доктори даражасини олган. У шунингдек Миллий жанг санъати федерациясини ҳам бошқаради ва «Туркманистонда хизмат кўрсатган мураббий» фахрий унвонига эга.

«Хроника Туркменистана»нинг ёзишича, кичик Бердимуҳамедовнинг севимли машғулотлари отасиники билан ўхшаш — спорт, автомобиллар ва тулпорларга муҳаббат. Давлат нашрлари ота ва ўғил биргаликда сайрларга чиққани, спорт мусобақалари ва автораллида қатнашгани акс этган лавҳаларни намойиш этиб туради.

Туркманистонда сайловолди кампанияси расман 14 февраль куни старт олди. Сайловлар ва референдумлар ўтказиш бўйича марказий комиссия маълумотига кўра, шу кундан президентлик учун номзодларни илгари суриш мумкин бўлади. Ҳозирча фақат Сердар Бердимуҳамедовнинг номзоди кўрсатилган.

Мавзуга оид